Марғилонда партиямиз сафидаги аёллар 30 нафарга кўпайди
Марғилонда партиямиз сафидаги аёллар 30 нафарга кўпайди

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан “Аёллар ижтимоий ҳимояси - ижтимоий фаоллик пойдевори” мавзусида форум бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятдаги мутасадди ташкилот раҳбарлари билан бирга, турли жабҳаларда фаолият олиб бораётган аёллар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, вақтинча ишсиз, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар ҳамда  пенсионерлар иштирок этди.

Форум хотин-қизлар ўртасида югируш марофони ва спорт машқлари ўтказиш билан бошланди. Марафонда 200 нафар хотин-қиз қатнашди.

Шундан сўнг бепул тиббий кўрик акцияси ташкил этилди. 200 нафардан зиёд  хотин-қизлар кўрикдан ўтишди. Тиббий кўрикка вилоят, туман марказларидан шифокорлар, тиббий техника воситалари, кўчма амбуланс хизматлари жалб қилинди. Малакали тиббий муолажага муҳтож, моддий имконияти чекланган хотин-қизларга бепул даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Хотин-қизлар билан очиқ мулоқот давомида аёллар ўзларини ўйлантираётган бир қатор масалаларда мурожаат қилишди. Ёрдамга муҳтож фуқаролар қўллаб-қувватланди.

Оилавий шароити оғир, кам таъминланган аёлларимиздан бири “Янгиҳаёт” МФЙ Хоразм кўчаси 24 А уйда яшовчи У. Юсуповага ўз ишини бошлаши учун мини печь тақдим этилди. Марғилон шаҳар “Ватан” МФЙда яшовчи Н.Сергейва касаллиги туфайли 6 йилдирки, тўшакка михланган эди. Тадбир давомида 78 ёшли онахонимизга ногиронлик аравачаси берилди.

Шаҳарда истиқомат қилувчи уйда ўтирган, уюшмаган, иш билан таъминланмаган хотин-қизлар билан учрашув давомида уларнинг 10 нафари ўзини қийнаётган турли муаммолар бўйича тегишли ташкилот ва идора масъулларига мурожаат қилишди. Ушбу муаммоларнинг айримлари жойида ўрганилиб, ҳал қилинган бўлса, қолган мурожаатлар ЎзХДП депутатлари томонидан депутатлик сўрови орқали ҳал этиладиган бўлди.

Хотин-қизлар билан юзма-юз мулоқот давомида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган аёлларнинг ижтимоий ҳимояси, уларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар, улар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар тўғрисида тушунча берилди.

Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, шаҳардаги корхона ва ташкилотлар бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Марказ ходимлари ҳудуддаги мавжуд бўш иш ўринлари, касаначилик меҳнатини ташкил этиш имконияти бор корхоналар тўғрисида батафсил маълумотлар беришди ва ишлаш истагини билдирган хотин-қизларга йўлланмалар берилди.

 Ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган оилавий шароити қийин аёлларга бошланғич тўловларсиз кредит олиши, хотин-қизлар мурожаатлари юзасидан ёрдам кўрсатиш бўйича келишиб олинди.

Форум охирида 30 нафар хотин-қиз партия сафига қабул қилиниб, уларга партияга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Ёрқиной Қосимова,

ЎзХДП Фарғона вилоят Кенгаши

Матбуот котиби.

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов-2019 Мен ЎзХДПни танладим
← Рўйхатга қайтиш