“Чекка бир қишлоқдаги ёш ижодкор учун катта ишонч бу...”
“Чекка бир қишлоқдаги ёш ижодкор учун катта ишонч бу...”

 

Куни кеча Юртбошимиз томонидан имзоланиб, Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган бир гуруҳ қизлар рўйхати орасида ўзимнинг исмимни кўриб, тўғриси, кўзларим севинч ёшига тўлди.

Ахир, мендек чекка бир қишлоқдаги ёш ижодкор учун катта ишонч бу. Адабиёт ва илм-фан йўлидаги камтарона меҳнатларимиз, эзгу интилишларимизнинг самарасидан ғоят хурсандман. Тўғриси, 3-4 йилдан бери мазкур танловга номзод сифатида қатнашиб келардим. Мана, бу сафар давлат мукофотига муносиб кўришди. Хушхабарни ўқиб, бағримда чақалоғим билан Тошкент томон гўё учиб бордим.

Отамнинг кўксини тоғдек фахрга, онам қалбини беадад севинчга чулғаб юборгувчи мужда эди. Бизга умид билдирган Президентимизга мингдан-минг раҳмат айтаман.

«Ўхшашимни топмассиз асло», «Умид тугиб келдим дунёга», «Қуёш эртага қайтар», «Қумғон», «Болакўз», «Исҳоқхон Ибрат -  серқирра ижод соҳиби», «Ўқиганларим ва уққанларим», «Хонзодабегим», «Тhe sun will defintly return» (Германия), «Stories», «Monaliza» (Aмазон) каби ўндан зиёд шеърий ва насрий китоблар муаллифиман. Даврий босма нашрларда кўплаб публицистик мақолаларим ва кичик ҳикояларим чоп этилган.

Шукр қилишим керакки, мени омадим келган. 2016 йилда «Юрт келажаги», «Дўрмон семинари» танловларида ғолиб бўлдим. 2017 йилда «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи стипендияси»ни олганман, 2018 йилда Навоий номидаги Давлат стипендиясини, «Ўзбекистон баҳори» танлови совриндорлигини қўлга киритдим. 2019 йилда эса «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳибасига айландим. «ЎзХДПнинг энг фаол аёли» танлови Республика босқичида 1-ўринни эгалладим. 2020 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлдим. Қозоғистоннинг Aбай Қўнонбоев номидаги медали билан тақдирландим.

Ўйлаб қарасам, шу вақтгача мени кўп қўллаб-қувватлашибди, энг катта қўловни Президентимиздан олдим. Энди бу ишончни оқлашим зарур.

Фурсатдан фойдаланиб, юксак эътироф ва ютуққа эришишимда каминани доимо қўллаб-қувватлаган, ижодий камолотга етишишимга беминнат ҳисса қўшган филология фанлари доктори, академик Бахтиёр Назаров, НамДУ доцентлари Обиджон Каримов, Мўминжон Сулаймонов, Абдужаббор Омонов ҳамда шоир ва публицист Содиқ Сайҳунга, барча устозларимга, партиядошларимга алоҳида ташаккурларимни йўлламоқчиман.

 

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

Наманган давлат университетининг 2-босқич магистранти,

Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш