Сифатсиз ва пала-партиш қурилаётган уйлар ҳақида ўйлар
Сифатсиз ва пала-партиш қурилаётган уйлар ҳақида ўйлар

 

Халқимизга бунёдкорлик ярашади. Қадимдан бинокорларимиз не буюк иншоотларни қад ростламаган дейсиз. Айтиш жоиз, ушбу объектлар асрлар ошсада, дунёни лол қолдиришда давом этмоқда. Ўша замонлардаёқ Амир Темурнинг “Агар бизнинг қудратимизни билмоқчи бўлсангиз, қурган биноларимизга боқинг”, дея таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

Юқоридаги ўйлар сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кўп бор тилга олинаётган қурилишдаги бузилишлар ва сифатсиз қад ростлаётган биноларни кўриб беихтиёр ҳаёлимдан ўтди.

Албатта, бунёдкорлик борасида мамлакатимизда мисли кўрилмаган ишлар қилинаётганлигини кўриб турибмиз. Аммо буларнинг барчасини ҳам стандартларга мос битказилаяпти, дея олмаймиз.

Чунончи, деярли ҳар йили пиёдалар йўлакларини таъмирлашга тўғри келиши, марказий кўчаларда бўй чўзаётган кўп қаватли уйларнинг девор қисмлари ачинарли ҳолда келиб қолаётгани ва асосийси, ушбу уйларни тайинли режалар ишлаб чиқмасдан йўл ёқаларида қурилаётгани кишини бироз ўйга солади.

Пала-партиш қурилишнинг оқибатини яқинда Жиззах шаҳар, “Зилол” маҳалла фуқаролар йиғинида қурилаётган 6 қаватли уйнинг қулаб тушганидан ҳам сезиш қийинмас. Ҳайриятки, улкан объектнинг вайронаси остида кимдир қолиб кетмади.

Бу каби қурилиш ва ободонлаштириш ишларидаги нуқсонларга сабаб қилиб соҳада кузатилаётган коррупцион ҳолат ва ўз ишининг мутахассисларини жалб этилмаётганлиги, хусусан, таълимда назария ва амалиётнинг уйғунлашмаётганлиги, ўз вақтида самарали жамоатчилик назоратини ўрнатмаётганимизни мисол сифатида келтириш мумкин.

Дарвоқе, Жиззах политехника институтида “Юксалиш” умуммилий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси ходимлари ҳамда Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутатлари томонидан Давлат дастури муҳокамасига қаратилган тадбирда қурилиш факультетида ўқиётган талабалардан бири айни шу маънодаги таклифни илгари сурди. Аниқроғи, олий таълим муассасасаларининг қурилиш соҳасига ихтисослашган йўналишларини қурилиш ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик ишларини белгилаб олишлари юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатларнинг қайта содир этилишига йўл қўймаган бўларди.

Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, қурилишлар сони кўп бўлгани яхши. Аҳоли сонининг кўпайиши ва ривожланишдаги асосий белгилардан бири ҳам айни шунда. Бироқ шуни ҳам унутмаслигимиз керак, объектлар мустаҳкам ва сифатли бўлсин, бугун биз Темур бобомиздан қолган мемуарларни қанчалик эъзозласак, келажак авлод ҳам биз яратган бинолардан фахрга тўлсин.

 

Хусан АБДУНИЯЗОВ,

ХДП Жиззах вилоят Кенгаши депутати,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш