Бугун ҳаёт, одамларнинг дунёқараши ўзгарган. Ўрни келганда айтиш керакки, раҳбар ходимлар ҳам масъулиятни чуқурроқ ҳис этмоқда. Депутатлар ҳам асосий вақтини сайловчилар орасида ўтказиб, уларни ўйлантираётган муаммолар ечими йўлида изланмоқда. Муҳими, бу саъй-ҳаракатлар одамлар томонидан эътироф этилмоқда.
— Саксонга яқинлашдим, — дейди «Қасриашурак» маҳалласида истиқомат қилаётган Мурод ота Шаропов. — Бугунги тинчлик, тўкинчилик учун шукр қилишимиз зарур, аввало.
Хонадонимиз эшиги доим очиқ. Қўни-қўшнилар, раҳбарлар, тиббиёт ходимлари тез-тез хабар олиб туришади. Депутатлар ҳам маҳалламизга келганларида маслаҳат сўрашади, нима муаммо, деб туришади. Бизга бундан ортиқ нима керак.
— Депутат сифатида сайловчининг ҳеч бир муаммосига беэътибор бўлишга ҳаққимиз йўқ, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов. — Негаки улар бизга ишонч билдирган, ўз овозларини берган.
Яхшилаб бир ўйлаб кўрсак, уларнинг манфати бизнинг, яқинларимизнинг манфаати билан узвий боғлиқлигини тушунамиз. Муаммолар тезда ҳал этилса, фақатгина дуо оламиз. Дуогўй халқи бор давлат эса ўниб, ўсади, равнақ топади.
Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши ва Навоий вилоят ХДП кенгаши ҳамкорликда Қизилтепа туманидаги “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг муаммоларини ўрганишди. Уларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Мақсуда Ворисова ва Фирдавс Шарипов ҳамроҳ бўлди.
Тадбир давомида ўтган йилда "Темир дафтар"га киритилган фуқароларга қуриб берилган иссиқхоналар фаолияти билан танишилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга махсус аравачалар топширилди.
Куннинг иккинчи ярмида эса «Кулолон» маҳалласида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази томонидан касбга ўқитилган бир гуруҳ хотин-қизларга сертификатлар топширилди. Йиғилганларга депутатлар томонидан қонунчиликдаги янгиликлар бўйича маълумот ва тушунтиришлар берилди. Ғоридевон ҳудудида ташкил этилган текстиль корхонаси фаолияти билан ҳам танишилди ва ишчи-ходимлар билан самимий суҳбатлашилди.