Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўзи сайланган округларда бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда. Мазкур жараёнда халқ вакиллари ўзларининг электорати манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий муаммоларни янада чуқур ўрганишга, таклифлар ишлаб чиқиб, қонунчиликда акс эттиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатси депутати Зулайҳо Акромова Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Қаҳрамон”, “Боғзор” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида истиқомат қилаётган сайловчилари билан учрашиб, уларнинг шодлигу-қувончига, кундалик ҳаётий ташвишларига шерик бўлди.
– Ўрганишлар давомида аҳолини ўйлантираётган, кўпдан бери ўз ечимини кутаёнган муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз, – дейди депутат З. Акромова. – Шунингдек, учрашувларда янгича қараш ва янгича интилиш билан меҳнат қилаётган меҳри дарё ва меҳнаткаш халқимиз вакилларининг, келажагимиз эгалари – ёшларимизнинг ўзларига бўлган ишончларини кўриб, меҳнатлари ортидан келаётган ютуқ ва муваффақиятлари тўғрисида эшитиб қувондик. Ўз навбатида уларнинг талаб ва таклифларини инобатга олган ҳолда баъзи муаммоларини ечишга ҳаракат қилдик.
Бугунги кунда “Қаҳрамон” МФЙда 1200 та хонадон бўлиб, ушбу хонадонларда 6250 нафар фуқаролар истиқомат қилишмоқда. Яқинда маҳаллада 19 та янги иссиқхона қурилиб фойдаланишга топширилди. Шулардан 7 таси “Ёшлар дафтари”га, 1 таси “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланган.
Урашув давомида депутатга мурожаат қилиб, иш билан таъминланишда амалий ёрдам сўраган Тўйчиева Зарнигорнинг ҳам талаблари инобатга олиниб, унга иссиқхона ажратиладиган ва фарзанди учун тегишли тартибда нафақа тайинланадиган бўлди.
Шунингдек, маҳаллада истиқомат қилаётган 76 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларнинг турмуш шароитларидан мунтазам равишда, уларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда хабар олиб туриш бўйича МФЙ раиси ва фаоллари билан келишиб олинди.
Депутатнинг ҳудудлардаги ўрганишлари давом этмоқда.