2017 йил 23 июнь куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. 2017 йил 1 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Ҳазрати Имом мажмуасида ташкил этилаётган Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази, деб ўзгартиришни таклиф этди.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ислоҳотларнинг бунёдкор моҳиятини очиб берди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу марказ умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларнинг бой меросини ўрганиш, динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини авваламбор халққа, дунё ҳамжамиятига етказиш мақсадида бунёд этилмоқда. Айни кунда улкан қурилиш майдонига айланган ушбу ҳудуд одамларни эзгуликка, асл инсоний фазилатларни ардоқлашга даъват этиши билан алоҳида нур таратаётганга ўхшайди. Бу юртимизда дин, диний қадриятлар, азалий анъаналаримизни илмий, маърифий асосда ўрганишга қаратилган ҳаракатнинг ёрқин намунасидир ҳам.
Эсингизда бўлса, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида «Ислом цивилизацияси маркази» барпо этилаётганини ўзгача фахр билан эътироф этган эди. Чунки юртимиз тарихида илк бор қад ростлаётган ушбу марказга нафақат халқимиз, балки хорижликларнинг ҳам қизиқиши, ҳаваси ортиб бормоқда.
Ҳозирда марказда қурилиш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда ва у тез орада маҳобати билан ҳайратлантирадиган, моҳияти жиҳатидан кўнгилга ғурур ва сокинлик бағишлайдиган улкан мажмуа сифатида ўз эшикларини очади.
Ислом цивилизация маркази илмий маскан саналади. Бу ерда мунтазам равишда илмий изланишлар олиб борилади, аждодларимизнинг асарлари тадқиқ қилинади, таржималари амалга оширилади, таҳлил қилинади. Гапнинг аслини айтганда, аждодларимизга муносиб, улуғ боболаримизнинг нафаси уфуриб турган илмий муҳит яратилади.
Марказда, шунингдек, ўтган салкам бир ярим минг йиллик мерос қўлёзма асарлар, электрон тақдимотлар, фильмлар, экспонатлар орқали тақдим этилади. Шу тариқа аждодларимизнинг бизга қолдирган улкан маънавий-маданий меросини чуқур англаймиз, биз кимларнинг авлоди, қандай буюк инсонларнинг ворислари бўлганимиз асл ҳақиқатлар орқали кўз ўнгимизда намоён бўлади. Президентимиз қарорида таъкидланганидек, бу жойни «Жаҳолатга қарши — маърифат» шиори остидаги илмий, маърифий маскан, дейиш мумкин.
Хабарингиз бор, 29 январь куни давлатимиз раҳбари ушбу марказга ташриф буюрди. Президентимиз олдинги йилларда бу ерга келганида, уни чиройли ва сифатли қилиб қуриш, дунё олимлари фикрини ўрганиб, мазмунини бойитиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Бу галги ташриф чоғида шу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Юртбошимиз ташриф давомида боболаримизга муносиб бино қурилгани, энди боболаримизга муносиб илмий муҳит яратиш кераклигини алоҳида таъкидлади.
Бу ёш авлодда ғурур, ғайрат уйғотиб, янги тараққиёт даврига ундаши қайд этилди.
– Кўпчилик ўйлайди: нима учун Президент иккита Ренессансни эслади, деб. Бу - ғоя, келажакдаги мақсадимиз. Мамлакатимиз интилаётган марралар учун тарихимиздан руҳий куч олишимиз керак-ку! Бу марказ Учинчи Ренессанс пойдеворидан бири бўлишига умид қиламиз. Чунки у илмий, дунёвий, замонавий марказ бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Ҳақиқаттан ҳам, бундай муқаддас масканлар ёшларимиз учун боболар ҳикматига яқин бориш, уларга муносиб авлод бўлиб камолга етиш учун интилиш ҳиссини янада кучайтиради. Ўз маънавий илдизини, ўзлигини унутмаган, асрий анъаналарини асраб-авайлаган, тарихий хотира билан яшайдиган миллат ҳеч қачон кам бўлмайди. Шундай муҳитда униб-ўсган фарзандлардан ҳақиқий халқпарварлар етишиб чиқади. Йигит-қизларимиз қалбида ғурур ва ғайрат янада жўш уриб, янги тараққиёт учун пойдевор яратилади.
Бугун Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказишга доир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган тадбирларни ташкиллаштириш бўйича Ишчи гуруҳи аъзолари сифатида Ислом цивилизацияси марказига бордик. Тўғриси, қалбимда чексиз фахрланиш, шукроналик туйғуларини туйдим. Бу маскан қандай буюк халқлигимизни, қандай улуғ авлиё ва мутафаккирларнинг авлоди эканлигимизни яққол кўрсатади. Бу бутун Ислом оламида ота-боболаримизнинг тутган ўрни, улар қолдирган улкан меросга нисбатан ҳурмат ва эътибор ифодаси бўлди, деб баралла айта оламиз.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.