Яқинда Навоий шаҳрида бир гуруҳ ёшлар Ўзбекистон ХДПга аъзо бўлди. Биз улардан айримларининг фикрлари билан қизиқдик.
Гулбону ҚУВВАТОВА, Ўзбекистон Миллий университети биринчи босқич талабаси, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси:
– Анчадан бери сиёсий партия аъзоси бўлиш ҳақида ўйлаб юргандим. Тўғриси, Халқ демократик партиясининг ташаббуслари, амалий ишлари менга маъқул бўлди. Партия депутатларининг ташаббуслари, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган амалий ишлари ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали танишиб боряпман. Партиянинг янги Сайловолди дастурига киритилаётган долзарб ижтимоий масалалар, хусусан, “Яшаш минимуми” ва “Истеъмол саватчаси” тўғрисида қонунлар қабул қилиш зарурати тўғрисидаги таклифлари ҳам менга жуда маъқул бўлди.
Яқинда Халқ демократик партияси томонидан ташкил этилган тарғибот тадбирларида иштирок этдим. Унда партиянинг янги дастурий мақсадлари ҳақида маълумот берилди. Тиббий хизмат сифатини яхшилаш, коммунал хизматлар тарифларини мувофиқлаштириш бўйича партия илгари сураётган ташаббуслар кўпчиликнинг манфаатига хизмат қилади, деб ўйлайман.
Шунинг учун айнан Халқ демократик партияси сафида бўлишни истадим. Зиммамда катта масъулият турибди. Чунки мен энди мамлакатимиздаги энг тажрибали сиёсий партия аъзосиман. Билим ва тажрибамни аямай меҳнат қилишга ҳамда партия сафида туриб, ўз таклифларимни илгари суришга ҳаракат қиламан.
Давронбек НАМОЗОВ, “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси Марказий кон бошқармаси Тармоқлар ва подстанциялар цехи меҳнатини ташкиллаштириш ва меъёрлаш бўйича муҳандиси, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби:
– ОАВ орқали сиёсий партиялар фаолиятига оид янгиликлар билан мунтазам танишиб бораман. Уларнинг барчаси мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид турли ташаббус ва лойиҳалар билан чиқмоқда. Аммо бу жараёнда ЎзХДПнинг алоҳида ўрни бор, деб ўйлайман. Чунки партиянинг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд одамларга ҳар томонлама кўмак бериш, аҳоли бандлигини таъминлашдек эзгу мақсадлари бозор иқтисодиёти муносабатлари ривожланиб бораётган бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Партия илгари сураётган ушбу масалалар менга жуда маъқул келди. Шунинг учун ҳам ҳеч иккиланмасдан партия аъзолигига қабул қилишларини сўраб мурожаат этдим. Энди ЎзХДП томонидан ташкил этилаётган турли давра суҳбатлари ва семинар-тренингларда фаол иштирок этиб, сиёсий билимларимни янада мустаҳкамлайман.
Халқ деморктик партияси сафидалигим келгусида депутат, етакчи, сиёсатчи бўлиш орзуларим амалга ошиши йўлида биринчи қадам бўлади, деб ўйлайман.
Хуршида Нарзиева,
ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.