Деновдаги муаммолар бирма-бир ўрганилди
Деновдаги муаммолар бирма-бир ўрганилди

 

Маълумки, жорий йилнинг 29 январ – 3 феврал кунлари депутатлар ўз сайлов округларида бўлиб, тарғибот ишлари, таълим, тиббиёт, ёшлар масаласи, сайловчиларнинг мурожаатлари билан машғул бўлинди. Шунга кўра, 84-Денов сайлов округида бўлиб бир қатор масалаларга эътибор қаратилди.

 

“Ёшлар дафтари”нинг юритилиш ҳолати қандай?

Тегишли жадвалга асосан дастлаб Денов тумандаги секторларда «ёшлар дафтари» юритилишининг ҳолати ўрганилди.

Жумладан, дафтарга киритилган ёшларнинг муаммолари, ишчи гуруҳ томонидан ҳақиқатдан ҳам ёрдамга муҳтож бўлган тоифа вакилларининг рўйхатга олинганлиги, сектор раҳбари томонидан ёшлар билан ташкил этилган учрашувлари, муаммоларнинг ижро этиш ҳолати бирма бир кўриб чиқилди. Сектор котиблари ва ёшлар иттифоқи раҳбарига самарадорликни ошириш бўйича тавсиялар берилди.

 

Халқ вакиллари билан учрашув

Сўнг туман ҳокимлиги биносида Халқ депутатлари вилоят ва туман кенгаши депутатлари билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокамада бўлган қонун лойиҳалари ҳамда қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Хусусан, Конституция, Сайлов кодекси ва 2 та қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар яъни, сайловнинг ўтказиш муддати, туман округ сайлов комиссиялари институтининг тугатилаётганлиги, сайловолди ташвиқоти, шикоят муддатлари кабилар ҳақида халқ вакиллари, адлия бўлими ва масъулларга батафсил тушунтириб берилди. Иштирокчиларнинг фикрлари ва таклифлари олинди.

Шу билан бирга, Президентимизнинг маънавий-маърифий ҳамда ёшлар масалалари бўйича ўтказган йиғилишлардаги устувор вазифалар тўғрисида ҳам алоҳида тўхталинди. Ушбу белгиланган вазифалар юзасидан ҳудудда тизимли депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

 

Дори воситаларининг қимматлиги бўйича эътироз билдирилди

Денов туман тиббиёт бирлашмаси ва бўлимларининг тиббий хизмат ҳамда беморларга яратилган шароитлар ўрганилди. Даволанаётган беморларнинг ўзлари ва яқинлари билан суҳбат қилинди. Шошилинч тез тиббий ёрдам, терапия, неврохирургия, кардиология каби бўлимлар шифокорлари билан суҳбат қилинди. Муаммо ва таклифлар олинди. Икки беморнинг мурожаати жойида ҳал этилиб тегишли бўлимларга ётқизилди, бир нафарига йўлланма берилди.

Шунингдек, лобаратория хоналари, ошхона ҳамда янги қурилаётган бинонинг қурилиш ишлари билан яқиндан танишилди.

Санитария-гигиена ҳолатлари, беморларнинг палаталарда тиқилинч ҳолатда жойлашуви, карантин қоидаларига амал қилинмаётганлиги бўйича тиббиёт бўлими раҳбариятига қатъий эътирозлар билдирилди ва бу ҳолатларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди. Фуқаролар асосан дорихоналардаги дори воситаларининг қимматлиги бўйича эътироз билдиришди.

 

Касб-ҳунар мактабларининг фаолияти қандай?

Денов туманида 4 та касб-ҳунар мактаблари ташкил этилган. Танланма асосида 2-сон касб-ҳунар мактабидаги ўқув жараёни билан танишилди. Ушбу ўқув йилида 5 та касб йўналиши бўйича 237 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Ўқувчилар билан суҳбат жараёнида улар ўзлари ўқиётган йўналишга қизиқиши юқори эканлигини билдик. Аммо айрим камчиликларни ҳам учратдик. Ўқув гуруҳларида ўқувчилар тўлиқ машғулотларда иштирок этишмаяпти, таълим муассасаси ички тартиб қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари кузатилди. Ўқитувчиларда шижоат етишмаётгандек кўринди.

Шунингдек, 4-сон касб-ҳунар мактабида ҳам бўлдик. Ташкил этилган йўналишлар бўйича ёшларни касб-ҳунар ўрганиши бўйича барча шароитлар яратилган. Ўқув-тарбия ва ҳунарга ўргатиш жараёнлари яхши йўлга қўйилган. Жамоа бир мушт бўлиб ишламоқда.

Фақатгина ҳудуддаги тўртала мактабларнинг йўналишларини меҳнат бозоридаги талабни ўрганган ҳолда янада такомиллаштириш зарур. Оддийгина мисол нафақат туманда балки вилоятда ҳам қурувчилик касбига бўлган талаб жуда юқори. Маълумки, кўплаб қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган бўлиб, тўғриси соҳанинг ҳақиқий эгаси томонидан амалга оширилаётгани кўп эмас. Мазкур соҳа малакали, илмли мутахассисларга муҳтож. Касб-ҳунар мактабларида эса қурувчилик йўналиши йўқ.

 

Ёшлар билан учрашув

Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Унда Президентимизнинг Ёшлар форуми, Мурожаатнома, маънавий-маърифий соҳа ва ёшлар бандлиги юзасидан ўтказилган йиғилишлардаги сўзлаган нутқларининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолияти, қабул қилинган ва муҳокамада бўлган қонун лойиҳалари хусусида ҳам тўхталинди.

Ёшлар билан очиқ мулоқот қилинди. Уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди. Саволларига батафсил жавоб берилди. Олийгоҳ ёшлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Режалар келишиб олинди.

Яна бир бор ишончим комил бўлди иқтидорли ёшларимиз кўп. Фақатгина уларга мотивация ва тўғри йўл кўрсатсак кўзлаган марраларга эришамиз, шубҳасиз.

 

“Ишга марҳамат” мономаркази ишга тушганми?

Денов туманида “Ишга марҳамат” мономарказига борилди. Марказ замонавий тарзда бунёд этилган. Пардозлаш ишлари якунланмоқда. Барча жиҳозлар билан таъминланган. Марказда тадбиркорликка ўқитиш, инглиз ва рус тиллари тўгараги, тикувчилик, чилангарлик, ошпаз ва қандолатчилик каби касбларга ўқитилиб белгиланган намунадаги сертификатлар берилади.

Хоҳловчиларнинг рўйхати Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан қилинган. Фақатгина марказ ўз фаолиятини бошлаши қолган. Раҳбарнинг айтишича бир ҳафта ичида ўқувлар бошланади.

 

Сайловчилар мурожаати

Тумандаги “Намозгоҳ” маҳалласи ҳудудидан ўтадиган Қизилсув дарёсидан ҳар йили асосан йилнинг баҳор фаслида сел келиб аҳолининг томорқа хўжаликларини ювиб зарар бериши юзасидан қилинган мурожаат жойига бориб ўрганилди.

Фуқароларнинг таъкидлашича, 2015 йилда маҳаллада жойлашган қабристонни сел босиб, қабрларни ҳам сув олиб кетган.

Ушбу муаммони ечими бўйича туман ҳокимининг алоқадор ўринбосарига тақдим этилди. Шунингдек, масъул вазирлик ва идораларга депутат сўрови юбориш белгилаб олинди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш