Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши ташаббуси билан Наманган давлат унверситетида давлатимиз раҳбарининг «Ёшлар форумида»ги маърузаси ва Парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида учрашув ташкил этилди.
Унда халқ депутатлари Чуст туман кенгаши депутати Рўзимат Жўраев, Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Шоҳрух Мамадалиев, доцент Улуғбек Мансуров ва Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси, шаҳар кенгаши депутати Илхом Атабаев ҳамда партия масъул ходимлари, факултетнинг фаол ёшлари иштирок этишди.
Қайд этилдики, 2021 йил ёшларга муносабат бутунлай ўзгаряпти. Президентимиз «Ёшлар форумида»ги маърузаси ҳамда парламентга йўллаган Мурожаатномасида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга имконият ва шароит яратиш масалаларида муҳим ташаббусларни илгари сурди. Бунга жавобан ёшлар ҳам билимли, тарбияли, дунёқараши кенг бўлиши, фаол фуқаролик позициясига эга ватанпарвар бўлиб камолга етиши керак.
Тадбирда, шунингдек, ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, замонавий билим ва кўникмага эга бўлишларини таъминлаш, уларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласида сўз борди.
Ёшлар бандлигини таъминлашда ҳудудлардаги бўш иш ўринлари сонидан ва йўналишидан келиб чиқиб, таълим сифатини оширилиши ҳамда касб-ҳунарга йўналтириш, битирувчиларнинг соҳасига мутаносиб равишда қўшимча иш ўринлари яратиш юзасидан таклифлар таҳлил қилинди.
Депутатлар ёшларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги ташаббуслар аҳамиятига оид саволларига жавоб берди.
Партия масъуллари билдирилган барча фикр-мулоҳазалар, тавсияларни жамлашди. Эндиликда улар партия кенгаши фаолиятига оид чора-тадбирлар режасига киритилади.
Маъмура Бойтўраева,
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши
сектор мудири.