Халқ демократик партияси иш билан таъминланмаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга касб-ҳунар ўргатиш, уларни касбга ўқитиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида курслар ташкил қилиниб, уларни ўқитиш ишлари бошлаб юборилди.
Куни кеча ҳамкорликдаги амалий ишларнинг натижаси ўлароқ, тикувчилик, компьютер саводхонлиги, бизнесни бошқариш курсларини тамомлаган 60 нафар хотин-қизларга сертификатлар топширилди. Эндиликда хотин-қизлар банкдан кредит олиб, ўз бизнесларини бошлаши мумкин.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кегаши, Тошкент шаҳар кенгаши масъул ходимлари, республика Халқ банки ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлардаги Халқ банки бўлим бошлиқлари, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими бошлиқлари иштирок этишди.
Мулоқот давомида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиш механизмлари ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди. Айниқса, пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини кўпайтириш долзарб масалага айлангани таъкидланди. Аёлларга бизнесни йўлга қўйиш, ишни бошқариш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, бу борада қонунчиликдаги тартиб ва қоидалар, берилган имтиёзлар ҳақида батафсил тушунтирилди.
Тадбир сўнгида 16 нафар фаол хотин-қизлар ЎзХДП аъзолигига қабул қилиниб, гувоҳномалари топширилди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.