Кейинги пайтда хотин-қизлар ва ёшлар масалаларига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон ХДП Фарғона туман кенгаши томонидан ҳам ҳар бир маҳалла кесимида хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилаган ишлар юзасидан амалий профилактик тадбирлар ўтказилмоқда Яқинда депутатлар, партия фаоллари уйма-уй юриб, тадбиркор опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчиликда белгиланган тартиб ва меъёрлар, аёлларга берилаётган имтиёзлар тўғрисида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан бирга хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш, бизнес ғояларини тайёрлашда ёрдам бериш, узоқ вақт давомида бола тарбияси билан банд бўлган, оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган аёлларни талаб катта бўлган касбга тайёрлаш ва ишга жойлашиши учун кўмаклашишда фаол қатнашиб келишмоқда.
Куни кеча туман Маданият уйида, шунингдек, “Водил”, “Марғилон”, “Саноат”, “Дилкушо”, “Хосилот” маҳаллаларида яшовчи аёллар дафтарига киритилган хотин-қизлар билан учрашувлар ташкил этилди. Мулоқотлар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга ҳуқуқий ҳамда психологик маслаҳатлар берилди, уларнинг мурожаатлари тингланди.
Психологлар хотин-қизлар билан уларни қийнаётган баъзи муаммоли вазиятлардан чиқиши, унга ечим топиши, оилада соғлом муҳитни шакллантириш ва бошқа мавзулар юзасидан самимий суҳбатлашди. Уларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Шу куни қўлида ҳунари, касби-кори бор аёлларнинг муаммолари ҳам ўрганилди. Уларни иш билан таъминлаш бўйича чоралар белгиланди ва тегишли ташкилотларга бу масалада депутатлик сўровлари жўнатилди.
Мунира Исомова,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши Хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш сектор мудири.