Сайёр қабул: мурожаат эътиборсиз қолмайди
Сайёр қабул: мурожаат эътиборсиз қолмайди

 

Ўзбекистон ХДП Чортоқ туман кенгашининг навбатдаги сайёр қабули “Ойқирон” маҳаллалари фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят ва туман партия кенгаши масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг тумандаги вакили Юнусали Дадабоев ҳамда Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Собиржон Болтабоев ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари иштирок этдилар.

Сайёр қабулда “Ойқирон”МФЙ Навбаҳор кўчасида яшовчи отахон Абдували Турсунов кўчалар асфальти талаб даражасида эмаслигини айтиб ўтди.

– Ваҳоланки фарзнадларимиз, набираларимиз шу кўчалар бўйлаб мактабларга қатнашади. Айниқса, қишнинг қорли, ёмғирли кунларида жуда қийналишади, – деди отахон.

Ушбу ҳудуддан сайланган депутат С.Болтабоев йўлларни таъмирлаш кейинги йил дастурига киритилганини маълум қилди.

Шунингдек, “Ойқирон” МФЙ, Ниҳол кўчаси 17-уйда яшовчи 1954 йилда туғилган онахон Сиддиқова Рахимахон отаси вафот этиб, қарамоғида қолган 2 нафар набираси учун имтиёзли уй-жойга эга бўлиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг тумандаги вакили Юнусали Дадабоев томонидан вазият ўрганилиб, уй-жой масаласида мурожаатни ижобий ҳал этиш юзасидан, тегишли ҳужжатларни йиғиб, Чортоқ туман давлат хизматлари марказига топшириши тушунтирилди.

Ойдин кўчаси 14-уйда яшовчи Дилором Бозорова фарзанди мавсумий ишчи эканлиги, лекин ҳозирда ишсиз эканини айтди. Унинг ишга жойлашиши учун амалий ёрдам сўради. Ўзбекистон ХДП Чортоқ туман кенгаши раиси З.Вахабов бу масалада туман бандликка кўмаклашиш марказига тегишли тартибда мурожаат этиши, яқин кунларда уни ҳал қилишини айтди.

– Бизнинг маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли сони ҳозирда 2280 нафарни ташкил этади. Аҳоли сонига қараб, таъминотчи томонидан 62 қоп (3 тоннаю 150 кг) ун берилади ва у ҳар бир хонадонга 10 кг дан тақсимланади, – дейди Ниҳол кўчасида яшовчи маҳалла фаоли Мамадалиев Раҳимжон. – Агар иложи бўлса, мазкур уннинг миқдори оширилса, иссиқ-совуқ йиғинларда имконияти бўлмаган хонадонларга бир қопдан бериш тартибини йўлга қўярдик...

Сайёр қабул давомида ижтимоий масалаларда бир қатор мурожаатлар бўлди. Муаммоларни ҳал этиш учун депутатлар шу куннинг ўзидаёқ ишга киришишди. Яъни назорат-таҳлил ишлари бошлаб юборилди, аксарият мурожаатлар бўйича депутатлик сўрови тайёрланмоқда. Сайёр қабулда имтиёзли кредит олиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларда сайловчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 

Маъмура Бойтўраева,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши сектор мудири.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш