ЎзХДП фракцияси аъзолари давлат дастури ижроси бўйича эътирозлар билдирди

 

Парламент қуйи палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳукуматнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ижроси ҳақидаги ҳисоботи атрофлича муҳокама этилди.

Фракция аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда Давлат дастуридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ этиш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратишди.

Ҳукумат томонидан тақдим қилинган ҳисоботга кўра, партия дастурий мақсадлари учун муҳим ҳисобланган ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши бўйича 2020 йилда 1 та Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та фармони ва 12 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори ва фармойишлари қабул қилинди ҳамда 21 та чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Ҳисоботда аҳоли бандлигини ошириш соҳасида 2020 йилда республика бўйича жами 378,1 мингта янги иш ўрни ташкил этилгани қайд этилган. Халқ демократик партияси фракцияси ҳукумат томонидан 2020 йилда Давлат дастури ижроси юзасидан амалга оширилган ишларни эътироф этди.

Шу билан бирга,  Давлат дастури ижросига оид маълумотлар муҳокамасида депутатлар ижтимоий соҳада, аҳолининг кундалик турмушида кузатилаётган бир қатор масалаларда мутасаддиларга саволлар берди.

Фракция аъзоларининг қайд этишича, 2020 йилда Давлат дастурида белгиланган 284 та банддан 206 та банд тўлиқ бажарилган, аммо 20 та банднинг муддати узайтирилган ҳамда 58 та банднинг ижроси давом этмоқда. Ўз вақтида адо этилмаган вазифалар депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан депутатлар таклиф ва тавсиялар ҳам берди.

Хусусан, давлат дастурида белгиланган Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси ижроси ўз вақтида таъминланмаган. Ваҳоланки, бу кам даромадли, меҳнатга лаёқатсиз аҳоли қатламининг қонуний манфаатлари ҳимояси нуқтаи назаридан жиддий аҳамиятга эга масала ҳисобланади.

Ушбу ҳужжат қабул қилиниши ижтимоий нафақа тўлашнинг мукаммал тизимини жорий этиш, кам даромадли оилаларга кўмак кўрсатиш қамровини кенгайтириш ҳамда нафақа тайинлашда очиқ ва адолатли тизимни яратиш имконини беради, дейишди депутатлар.

Йиғилишда яна қатор масалаларда депутатлар танқидий-таҳлилий фикрларини билдирди. Ҳар бир масалада очиқ ва ошкоралик вақти келгани таъкидланди. Қилинган ишлар барчага маълум, лекин бажарилмаган вазифалар тақдири, уларнинг амалиётга, ҳаётга тадбиқ этилиш муддати бўйича аниқ режалар, чора-тадбирлар хусусида баҳс-мунозаралар бўлди.

Йиғилишда депутатлар “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси белгиланган муддатда ишлаб чиқилмаётгани бўйича ҳукумат вакилларига эътироз билдирди.

Фракция аъзолари давлат дастурининг 197 бандида қайд этилган, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, хусусан, уларга муносиб меҳнат шароитини яратиш, даромадини кўпайтириш бўйича вазифа очиқ қолганини таъкидлади. Бутун дунёда пандемия сабабли қийин вазият юзага келганда, шифокорлар меҳнатининг қадри ва аҳамияти янада ортгани, аммо уларнинг даромадини кўпайтириш бўйича мунтазам механизм яратилмагани танқижд қилинди.

Бундан ташқари, йиғилишда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, бу борадаги кўрсатгичларнинг реал ҳолатга қанчалик тўғри келиши билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Депутатларнинг савол, таклифлари бўйича ҳукумат ва идоралар мутасаддиларининг жавоб ҳамда мулоҳазалари эшитилди. Шу асосда Халқ демократик партияси фракцияси Давлат дастурининг ижроси ҳақидаги ҳукумат ҳисоботини қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда қатор қонун лойиҳалари, хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича назорат инспекцияси идоралари масъулларига жарима қўллаш ваколатини беришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Қонун лойиҳасига кўра, қурилиш вазирлиги ҳузуридаги қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекцияларининг мансабдор шахслари ушбу кодекснинг 178-моддасида (истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузишга доир қисмида) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланганда бу ҳақда баённома тузиши белгиланмоқда.

Фракция аъзолари мамлакатда катта қурилиш ишлари кетаётган пайтда уларнинг хавфсизлиги бўйича назоратни кучайтириш долзарб масала эканини таъкидлаб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш