Жамиятнинг маънавий юксаклиги аёлларга бўлган муносабати билан белгиланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
Маълумки, ҳаётимизда аёлларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдам бериш, касб эгаллашга иштиёқи бўлганларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида «Аёллар дафтари» ташкил қилинди.
Куни кеча ЎзХДП Навоий вилоят ва Навоий шаҳар кенгаши фаоллари «Баҳор» МФЙда истиқомат қилаётган хотин-қизлар билан суҳбатда бўлишди. Уларни қийнаётган, ўйлантираётган масалалар хусусида суҳбатлашилди.
Бугунги кунда ушбу маҳаллада 4674 нафар аҳоли яшайди, уларнинг 2317 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Маълум бўлишича, бу ерда 13 та камбағал оила бор, 15 нафар хотин-қиз ва 11 нафар ёш ишсиздир.
Ғалаба шох 107 уй, 1-хонадонда истиқомат қилаётган Шоира Орипова олий маълумот бўлишига қарамай бир неча йилдан буён ишсиз. 1 нафар фарзандини ёлғиз ўзи вояга етказаяпти. Даромад манбаи мавжуд бўлмаган она кўплаб қийинчиликларни бошидан ўтказди. Қизи олий ўқув юртига 2 йил ҳужжат топширади. Аммо у ўқишга контрак асосида қабул қилинган рўйхати орасида бўлганлиги боис ўқимасликка қарор қилади. Опа биз билан суҳбатда қизини албатта ўқитишини таъкидлади. Бунинг учун ишга жойлашиши учун амалий ёрдам сўради.
Ислом Каримов кўчаси, 74-уй, 41-хонадонда истиқомат қилаётган Дилбар Турсунова ҳам 5 нафар фарзандини ёлғиз ўзи катта қилмоқда.
– 2 нафар қизим талаба, – дейди опахон биз билан бўлган суҳбатда. – Тўнғичим олаётган стипендияга рўзғор тебратиб турибмиз. 7 йил илгари турмуш ўртоғиб бизни ташлаб кетди. У ҳеч қачон алиментни ўз вақтида тўламайди. Қачон маҳалла аралашиб, уруш жанжал бўлса кейин беради. Шундан кейин моддий аҳволимиз қийинлашди. Иш сўраб бормаган жойим қолмади. Лекин ёшим катта бўлганлиги боисми иш тополмай ҳали ҳам сарсонман. Фарзандларимни орзу ҳавасини кўришим учун, уларни ўқитишим, рўзғорни тебратиб туришим учун тезроқ ишга киришим лозим...
Хотин-қизларнинг муаммолари юзасидан депутатларга мурожаат қилдик. Яқин кунларда депутатлик сўрови орқали муаммолар ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Хуршида Нарзиева,
ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.