ХДП сафидаги ёшларни янада фаолроқ бўлишга ундайди
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиалида Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ва Ёшлар форумидаги маърузасида белгиланган устуворликлардан келиб чиқиб, партия ёшлари олдида турган долзарб вазифаларга бағишланган очиқ мулоқот ташкил этилди.
Сўзга чиққанлар Мурожаатномасида ёшларни қўллаб-қувватлаш, бу борадаги давлат сиёсатини янада ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар, уларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритди. Уларнинг аксарияти Халқ демократик партияси Сайловолди дастури билан уйғун ва ҳамоҳанг эканлиги таъкидланди.
Қайд этилдики, Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар тарихан муҳим паллада халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёти йўлида барчамизни жипслаштириб, янги марралар сари руҳлантирмоқда. 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилиниши, муҳим ғоя ҳамда вазифалар белгилаб берилиши катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси Олим Равшанов ёшлар ижтимоий қатламини ўрганиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, қайта тайёрлаш ва бандлигини таъминлашни замон талаблари асосида ташкил этиш, бу борада олиб борилаётган ишларни тизимли ташкил этиш муҳим масала эканини таъкидлади. Бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси С.Камилова шларни касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, эҳтиёжманд оилаларнинг камбағалликдан чиқишга интилишини кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлигига эътибор қаратди.
Тадбирда, шунингдек, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Р.Муртазаев ҳамда вилоят партия кенгаши сектор мудири Ш.Худойқулова ва иштирокчи ёшлар сўз олиб, йигит-қизларни ўйлантираётган масалалар юзасидан таклифларни ўртага ташлашди.
Депутатлар ва табалалар ўртасида сайлов ва сайлов қонунчилиги, ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, банкдан кредит олиш ҳамда ундан самарали фойдаланиш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича қизғин савол-жавоб бўлди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати