10 йилдан буён бирон бир сиёсий партия ёхуд депутат бормаган ташкилотда учрашув ташкил этилди

 

Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” ғояси асосида Ўзбекистон ХДП Яккасарой туман кенгаши ташаббуси билан республика Пахтасаноат илмий марказида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халқига Мурожаатномаси хусусида атрофлича сўз юритилди.

Шунингдек, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан қилинган ишлар ва режалар ҳамда Ўзбекистон ХДПнинг дастурий мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил тўхталди.

Эътиборимни тортган жиҳат, муассаса ходимлари қарийб 10 йилдан буён уларнинг ташкилотига бирон-бир сиёсий партия ташкилоти, Олий Мажлис депутати тугул туман депутати ҳам келмаганлигини, ХДП бугун биринчилардан бўлиб депутатларнинг фаол иштирокида мазкур тадбирни ташкил этиб, сиёсий ислоҳотлардан хабардор қилгани учун миннатдорчилик билдиришди. Ва бундан буён ХДП билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйишини муассаса раҳбарияти алоҳида таъкидлашди.

Яккасарой туман партия ташкилоти ҳудуддаги шу каби сиёсий партия билан ҳамкорлик ўрнатилмаган корхона, ташкилот муассасалар билан манзилли равишда мустаҳкам алоқа ўрнатишни мақсад қилиб, уни амалга ошираётгани мени ҳам қувонтирди. Сабаби, бу аввало, аҳолининг сиёсий, маънавий-маърифий саводхонлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, партия дастурий мақсадларини тарғиб қилиш орқали ХДП сафдошлари сонининг ошишида, фуқароларнинг сиёсий жараёнларга кенг иштирокини таъминланашда катта аҳамиятга эга. Яна бир муҳим томони,  депутатлар билан аҳоли ўртасида фаол алоқа ўрнатилади, янги “чеҳра ва иқтидорлар” кашф этиш орқали партияда салоҳиятли экспертлар ва кадрлар захираси шаклланиб боради.  

Фикр-мулоҳазалардан кейин қизғин савол ва жавоблар бўлиб ўтди. Жамоанинг фаол ходимларига ташаккурнома ва партия сафига қабул қилинганларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Тадбирдан сўнг ходимларнинг кўзидан ушбу давра суҳбатидан хурсанд бўлганликларини ўқидим. Фикримча, мазкур ҳолат энг асосийси ва мақсадга эришилганидан далолат. Партиямизнинг барча ҳудудий ташкилотлари шу тартибда иш тизимини йўлга қўйишса, самарали натижаларга эришиш шубҳасиз.

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

 

          

 

← Рўйхатга қайтиш