Депутатнинг югур-югури, ташвишлари кўп бўлиши керак...
Депутатнинг югур-югури, ташвишлари кўп бўлиши керак...

 

Халқ депутатлари Навоий вилоят кенгашидаги ЎзХДП депутати Насиба Содиқова вилоятдаги обрў-эътиборли, фаол аёллардан бири. Тиниб-тинчимас депутат опамиз сайловчилар билан ҳамнафас яшайди, улар билан елкама-елка туришни ўз вазифаси, деб билади. Ҳар доим қандайдир муаммони ечиш, аҳоли мурожаатларини ўрганиш, ҳал этиш ишлари билан елиб, югуриб юради.

– Мени сайловчилар сайлашди. Улар билан учрашганимда, ҳисобот бераётганимда юзим ёруғ бўлиши керак. Муаммоларга бефарқ бўлсам, учрашганда кўзларига қандай қарайман? Яна бир томони, бугун депутатларга ҳар қачонгидан катта талаб қўйилмоқда. Бу барча депутатлар қаторида менда ҳам масъулиятни, жавобгарлик ҳисси ва ҳушёрликни оширди. Депутат деган номга муносиб бўлиш, одамларни рози қилиш учун қўлимдан келгунча ҳаракат қиламан, – дейди депутат.

Яқинда депутат ташаббуси билан ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлашга, уларга зарур ёрдам кўрсатишга қаратилган тадбирлар доирасида 15 нафар фуқаро ногиронлар аравачалари ва қўлтиқтаёқ каби воситалар билан таъминланди.

Ўтган йили депутат томонидан туман ҳокимлиги ҳамда тегишли ташкилот ва муассасаларга 20 га яқин турли масалалар бўйича депутатлик сўровлари юборилди. Мурожаат асосида эҳтиёжманд 2 та оиланинг яшаш хонадони ҳашар йўли билан таъмирлаб берилди.

Депутат вилоят партия кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига кўп келади. Ўзи ташаббус кўрсатиб, фуқаролар мурожаатларини ўрганади, уларни ҳал қилиш чораларини кўради.

– Депутатлик фаолиятим мобайнида қўлимдан келган баъзи ишларни қилишга уриндим. Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан ҳам доимий равишда хабардор бўлиб тураман. Биласизми, одамларга яхшилик илинганим сари кучимга куч қўшилади.

Ўтган йили қабулхонага бўлган мурожаатлар асосида одамларнинг коммунал соҳа, ер олиш, ишга жойлашиш, моддий ёрдам олиш ҳамда ижтимоий, соғлиқни сақлашга оид муаммолари ижобий ечим топди. Ушбу масалаларда тегишли ташкилот раҳбарлари, мутасаддиларнинг эътиборини жалб қилдим. Айрим масалалар бўйича ойлаб туман, вилоят марказига қатнашга тўғри келди. Бироқ одамлар менга ишонишади, бу ғайратимга-ғайрат қўшади, – дейди опа суҳбатимиз давомида.

Айни кунда сайловчилар манфаатига алоқадор яна бошқа бир қатор масалаларни ечиш учун ҳаракат қиляпти.

 

Хуриша Нарзиева,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш