Депутат мурожаатчини ҳоким билан учраштирди
Депутат мурожаатчини ҳоким билан учраштирди

 

Партиямизнинг “Аёллар бандлиги – оила фаровонлиги” лойиҳаси доирасида Наманган вилояти Учқўрғон тумани "Деҳқонобод" МФЙ "Соҳил" кўчасида яшовчи ногиронлиги бор шахслар Муҳаммаджон Рустамов ҳамда Муҳаррам Абдураҳмонованинг ҳолидан хабар олинган эди.

Суҳбат давомида уй бекаси Муҳаррам Абдураҳмонова кўзи ожиз бўлишига қарамасдан, уй шароитида аёллар ва болалар иссиқ кийимлари тўқиш билан шуғулланиши маълум бўлган эди. У ўзи каби аёлларга касб-ҳунар сирларини устоз-шогирд анъаналари асосида ўргатиб, шу орқали оиласи даромадига ҳисса қўшиб келмоқда.

Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Ш.Тошпўлатова уй бекаси-устоз Муҳаррам опа билан суҳбатлашганида тўқилган тайёр маҳсулотларни истеъмолчиларга етказишда ва шогирдлари билан фаолият юритишда яшаш уйидан ажратилган хона торлик қилаётгани, каттароқ бошқа бинода фаолият олиб борилса, яна 10 нафар аёлларнинг бандлигини таъминлаш имкони борлигини билдирган эди.

Ушбу мурожаат бўйича депутат туман ҳокими Азимжон Ваҳобовга мурожаат хати киритди ва муаммо ижобий ҳал этилди. Фуқаро туман ҳокими билан суҳбатда бўлди. Режаларни тинглагач, ҳоким масъулларга Муҳаррам Абдураҳмонова фаолияти учун 2-сонли касб-ҳунар мактабининг бўш турган ётоқхонасидан хона ажратиш ҳамда 10 та замонавий тўқув жиҳозлари олишига ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берди.

Депутат Ш.Тошпўлатова бу масала охиригача ҳал этилишини назоратга оладиган бўлди.

 

Маъмура Бойтўраева,

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши сектор мудири

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш