Туман партия кенгашининг иккита хона ва мажлислар залидан иборат бошпанаси ҳокимлик томонидан бузиб ташланди
Хўш, энди нима бўлади?
Ўзбекистон ХДП Шўрчи туман Кенгаши Сурхондарё вилоятидаги салоҳиятли партия ташкилотларидан ҳисобланади. Ҳудудда 2 минг 600 нафардан ортиқ аъзони бирлаштирган 42 та қуйи бўғин фаолият кўрсатаётган бўлса, халқ депутатлари туман Кенгашида партиямиздан сайланган 8, вилоят Кенгашида эса 1 нафар депутат иш олиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, сиёсий куч халқ ишончини қозониб, электоратимиз вакилларининг ҳақиқий таянч ва суянчига айланган. Аммо уч ойдирки, партия масъуллари, депутатлар ва фаолларимиз сарсон-саргардон. Хўш нега, бунинг сабаби нимада?
— 2013 йилдан буён Мустақиллик кўчаси, 72-уйнинг 1-қаватида жойлашган 2 та хона ва мажлислар залидан фойдаланиб келаётгандик, — дейди Ўзбекистон ХДП Шўрчи туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Ботиржон Ражабов. – Умумий майдони 112,46 квадрат метрни ташкил қиладиган жой ҳокимлик биносида бўлса-да, 2013 йилнинг 20 мартдаги 516-сонли қарор билан Кенгаш тасарруфига ўтказиб берилганди. Янги бино қурилиши муносабати билан ўтган йилнинг октябрь ойи бошларида ҳокимлик биноси билан бир қаторда фойдаланувимиздаги хоналар ҳамда мажлислар зали ҳам бузиб ташланди. Хуллас, мулк эгаси бўлсак-да, буткул жойсиз қолдик...
Компенсация тўлаш, ер майдони бериш ёки хона билан таъминлашларини сўраб бир неча марта мутасаддиларга мурожаат қилинди. Масала ижобий ечим топмагандан кейин Мустақиллик кўчасидаги 64-уйга кўчиб ўтдик. Ижарадаги бир хона учун ойлик маошимдан ойига 250 минг сўмдан нақд пул тўлаяпман.
Кўриб турганингиздек, бу ўтган асрнинг иккинчи ярмида барпо қилинган икки қаватли иморатнинг деворлари қўпорилиб тушган. Эшик ва ромлар яроқсиз аҳволда. Бўёқлар униқиб кетган. Иситиш тизими ишламайди. Электр энергияси таъминотида тез-тез узилиш бўлиб туради. Шундай шароитда ишлаб бўладими?..
— Шўрчи туман ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2411-моддасига зид равишда Кенгаш тасарруфидаги хоналарни буздириб ташлаган, — дейди Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Икром Бўронов. — Биринчидан, бузилиш бўлиши ҳақида партия ташкилоти огоҳлантирилмаган. Иккинчидан, мулкдорга компенсация тўланмаган. Учинчидан, фаолиятини давом эттириши учун хона билан таъминланмаган. Шуларни инобатга олган ҳолда ўтган йилнинг 17 декабрь куни Шўрчи тумани ҳокими Бахтиёр Худойбергановга хат йўллагандик. Афсуски, тегишли чора кўрилмади. Энди судга мурожаат қилмоқчимиз...
Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жойларда улкан бунёдкорлик ва тарихий ўзгаришлар бўлмоқда. Соҳалардаги ана шундай беқиёс янгиланишларга сиёсий партиялар ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Аммо Шўрчи туман ҳокимлиги мутасаддиларининг амалдаги қонунларимизга зид хатти-ҳаракатлари эса адолатсизликни келтириб чиқармоқда. Партиядошларимизнинг ҳақли ва ўринли эътирозларига сабаб бўлаяпти. Хўш, мансабдорларнинг билганим-билган қабилида иш юритишлари яна қачонгача давом этади? Бунга Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан жавоб кутиб қоламиз ва масалага яна қайтамиз.
Абдумалик ҲАЙДАРОВ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.