Сайловчилар мутасадди ташкилотлар ҳал қилмаган масалалар бўйича депутатдан ёрдам сўрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси Мавжуда Ҳасанова Узун туманида сайловчилар билан мулоқот ўтказиб, уларнинг мурожаатларини ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Узун тумани 2-сектор ҳудудида ўтказилган учрашувда фуқароларнинг таклиф-мулоҳазалари, муаммолари тингланди.

«Янги йўл» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муродулло Нозимов мурожаат қилиб, кўп қаватли уйларда табиий газ тармоғига уланиш муаммоси бўйича амалий ёрдам сўради.

«Баҳористон» маҳалла фуқаролар йиғини Носир Рамазонов кўчасида яшовчи фуқаро Пўлатов Бобоназар, Тилаков Жўра ҳам табиий газ тармоғига уланиш масаласида мурожаат қилди.

Мазкур масалалар юзасидан тегишли масъулларга кўрсатмалар берилди. Айтиш керакки, мурожаатчилар табиий газ тармоғидан узилган вақтда суюлтирилган газ таъминоти (газ балон) билан таъминланган.

Узун тумани «Баҳористон» маҳалла фуқаролар йиғини Носир Рамазонов кўчасида яшовчи фуқаро Пўлатов Бобоназар, Тилаков Жўра трансформаторни таъмирлаш, электр симёғочларни алмаштириш ҳамда «Гулистон» кўчасига қум-шағал тўкиш бўйича мурожаат йўллади.

Мазкур масалалар жойига борган ҳолда ўрганилди. Натижада трансформатор таъмири бўйича туман электр корхонасига тавсия берилди, мазкур масала ижобий ҳал этилди.

Баҳористон маҳалласида янги трансформатор ўрнатилди. Ёшлик маҳалласи 5 кундан буён электр энергиясидан узилиб қолган экан. Муаммони ҳал этиш учун электр токи кабеллари орқали ўтказилди.

«Гулистон» кўчасига қум-шағал тўкиш масаласи бўйича тумандаги 4-сектор мутасаддилари шуғулланадиган бўлди.

«Оқ остона» маҳалласида яшовчи фуқаро Қурбонов Муҳаммадюсуф аҳоли ичимлик суви масаласида мурожаат қилди. Мурожаат жойига борган ҳолда ўрганилди. Мавжуд сув қудуғига сув минораси ўрнатиш дастур асосида амалга ошириш учун таклиф берилиши тушунтирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30-июлдаги 459-сонли қарори асосида «Обод юрт» маҳалласининг Отчопар қишлоғида 30 та хонадонни ўз таркибига олувчи 35 гектар ер майдонида 270 метр сув қудуғи қазилган ҳамда инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 120 миллион сўм субсидия берилиши режалаштирилган. Бироқ мазкур масала охирига етказилмаган.

Узун туман марказий шифохонасини капитал таъмирлаш ишлари режага киритилган бўлиб, амалда маблағ ажратилмаган. Сайловчилар шу масалалар ҳақида депутатдан ёрдам сўради.

«Қарашиқ» маҳалла йиғини раиси Ҳикматилло Бобоев 32 та аҳоли яшаш хонадонларида зах сувларни тортиш, 2 км. деренажни тозалаш ишларини олиб бориш бўйича мурожаат қилди. Мурожаат бўйича республика ташкилотларига депутатлик сўрови юборилиши тушунтирилди.

Учрашувларда тегишли ташкилотлар масъуллари ўз йўналишлари бўйича бўлган мурожаатларни назоратга олишларини билдиришди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш