Мурожаат муаммога айланмаслиги учун уни қисқа муддатда ҳал этиш зарур

Сайлов округидаги вазиятдан мунтазам равишда хабордор бўлиш мақсадида ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги Халқ қабулхоналари билан доимий алоқа ўрнатмоқда. Ушбу ҳамкорлик депутатнинг ўз округида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда, одамларнинг дарду ташвишларини тинглашида муҳим омил бўлмоқда.

Фарғона туманидаги Халқ қабулхонасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, туман хокими ҳамда масъул раҳбарлар иштирокида ташкил этилган қабулда ҳам аҳолини қийнаб келаётган бир қатор муаммолар жойида ечимини топди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдам ажратиш, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш мақсадида ер ажратишни сўраб, даволанишга зарурати бор, лекин маблағи йўқлиги сабаб, имкон тополмаётган фуқароларимизнинг мурожаатлари бўйича амалий чоралар кўрилди.

Мисол учун, учрашувда Фарғона тумани “Саноат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мўйдинова Ирода кўзи ожиз фарзандини Россия Федерациясида даволатиш учун 30 миллион сўм маблағ ажратиш масаласида ёрдам сўради. Туман мутасаддилари ёрдами билан ҳомийлар кўмагида мурожаатчининг пластик картасига керакли маблағ ўтказиб берилди.

Шунингдек, “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Саллаева Мафтунахон ногирон фарзандига машғулот учун махсус велосипед сўраган мурожаати ҳам ечим топадиган бўлди. Ҳомийлар томонидан велосипед олиб берилиши маълум қилинди.

Фуқаро Махмудова Муслиманинг моддий ёрдам сўраган мурожаати қаноатлантириладиган бўлди, унинг касби чеварчилик экани ҳисобга олиниб, келажакда оиласини мустақил таъминлай олиши учун унга тикув машинаси совға қилишга келишилди.

Ногиронлиги бўлган фуқаро Марасулов Муҳиддиннинг даволаниш учун ордер ҳамда бош соҳасидаги пластикни алмаштириш учун маблағ сўраган мурожаати ҳам тегишли тартибда ҳал этиладиган бўлди.

Шунингдек, Лоғон қишлоғи, Хуршиди Тобон маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашувларда фуқаро Аҳмедов Омонали, Мўйдинов Мўминжонларнинг ҳудудаги сув минорасини таъмирлаш ҳамда Ризо, Ўзбек кўчаларини ичимлик суви билан таъминлашда ёрдам сўраган мурожаатларига жавобан вилоят “Сувоқава” ташкилоти раҳбари амалий ёрдам беришини маълум қилди.

Шу куни иш сўраб мурожаат қилган фуқароларни ишга жойлаштириш чоралари кўриладиган бўлди.

Депутатларнинг ҳудудларда олиб борадиган ишлари салмоғи ортмоқда. Барча даражадаги депутатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида узоқ йиллар ечим топмай келаётган кўплаб масалалар ҳал этилмоқда.

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш