Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши Бектемир туман партия кенгаши ҳамкорлигида “Аёллар бандлиги – оила фаровонлиги” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.
Ярмаркада партия фаоллари ва масъул ташкилотлар вакиллари, 30 га яқин иш берувчи корхоналар, 150 га яқин “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбир давомида ҳамкор ташкилотлар томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиш механизмлари ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди. Айниқса, пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини кўпайтириш долзарб масалага айлангани таъкидланди.
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Нигора Эшметова мамлакатимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун яратилган ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларга тўхталиб ўтди. “Темир дафтарга” киритилган камбағал оилалардаги хотин-қизларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Тадбирга тайёрланиш жараёнида Ўзбекистон ХДП Бектемир туман кенгаши вакиллари режа асосида тумандаги 12 та маҳалладаги иш билан таъминланмаган, яшаш шароити қийин, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ишлаш имконияти мавжуд ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг қизиқиш ва имкониятларини, қобилиятини ўрганиб чиқди. Шунингдек, мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган ҳамда ишлашга, касаначилик меҳнати, оилавий, якка тадбиркорлик билан шуғулланишга хоҳиши ва малакаси бор хотин-қизлар билан бирма-бир уюштириб чиқди. Улар меҳнат ярмаркасига таклиф этилди.
Лойиҳа доирасида 28 нафар хотин-қизлар хоҳиши ва қобилиятига қараб касб-ҳунарга ўқитиш бўйича шогирдликка бириктирилди. Кам таъминланган, иш билан банд бўлмаган хотин-қизлардан 40 нафари иш билан таъминланди. Тадбиркорлик қўлидан келадиган хотин-қизлардан 26 нафарига “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” билан партия ташкилотлари ҳамкорлигида уларга бизнес режа тузиб, банкдан имтиёзли кредит олиб, тадбиркорликни бошлаши бўйича тушунча бериб ўтилди.
Амалий тадбир давомида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда ҳамкорлик ишлари етарли даражада олиб борилмаётганлиги, қарор ва фармонларнинг ижроси устидан назорат сустлиги таъкидланиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан аниқланган муаммолар ва уларнинг ечимига доир таклифлар Халқ депутатлари туман Кенгашлардаги партия гуруҳларига тақдим этилди.
Тадбирда сўнгида 8 нафар фаол аёллар партия сафига қабул қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Муборак Махмудова,
ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши сектор мудири.