Тенг ҳуқуқ – тенг имконият
Тенг ҳуқуқ – тенг имконият

 

Бу ёруғ оламда ҳар бир инсон бахтли яшашга ҳақлидир. Бироқ тақдир ҳукми биланми ёки ҳаёти давомидаги турли сабаблар билан инсон эркин ўзи ҳаракатланишини йўқотиши қанчалик руҳ ва дилга озор беришини исботлашга ҳожат йўқ. Шундай вақтда жамиятнинг ҳар бир аъзоси замондоши бўлган имконияти чекланган шахсларни тақдир ҳукмига ташлаб қўймасдан кўмак бериши бу аслида энг инсонийликнинг намунасидир.

Бу вазифаларни амалга оширишда шундай инсонлар билан мулоқот қилиш, ҳамкорлик қилиш ва уларнинг қалбидан чиқаётган сўзларга қулоқ солиш керак, албатта.

Шу мақсадда Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ногиронлиги бор шахслар учун яратиб берилган шароитлар билан танишди. Уларнинг ўйлантираётган муаммоларни эшитиш ҳамда бартараф этишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишни кўзлаб Тошкент шаҳар Кўзи ожизлар жамиятида “Тенг ҳуқуқ – тенг имконият” лойиҳасини амалга оширди. Дастлаб расмиятчиликдан чекланган ҳолда бугун уларни нима қийнамоқда, деган ҳақли бир савол ўртага ташланди.

Маълум бўлишича, айнан кўзи ожизлар учун Чилонзор туманида махсус турар жойни ўз эгаларига хусусий мулк қилиб беришда тушунмовчиликлар ва муаммолар бор. Ушбу масаланинг ечими Ўзбекистон ХДП Чилонзор туман кенгаши раиси, халқ депутатлари Чилонзор туман кенгаши депутати Дона Маҳмудова томонидан назоратга олиниб, масалани амалий ҳал қилиш борасида масъуллар билан ҳамкорлик қилиниши қатъий белгилаб олинди.

Яна бир масалада ҳақли бир савол туғилди. Пойтахтимизда ҳаракатланаётган автобуслар нима сабабдан бекатларнинг номини овозли қилиб айтмаслиги ёки уларнинг йўналиш рақамлари кичкина қилиб ёзилгани бугун кўзи ожизлар учун катта муаммоларни юзага келтираётганига оид масала билан мурожаат қилинди. Бу борада Тошкент шаҳар транспорт бошқармасига депутатлик сўровини жўнатиб, муаммони бартараф қилишга оид чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Яна бир масала. Бугун пойтахтимиздаги аксарият ахборот ресурс марказларида кўзи ожизлар учун аудио дарсликлар етишмайди ёки умуман мавжуд эмаслиги кўзи ожиз бўлган 324 нафар мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг ўқиши учун қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, Тошкент шаҳар кўзи ожизлар жамияти томонидан бир қатор аудио дарсликлар тайёрланган. Фақат ахборот ресурс марказларнинг раҳбарлари бу китобларни ўз муассасаларига жойлаштирса бўлгани.

Бу борада Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши масъуллари Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорлик қилиб барча туманлардаги бўлимларига шундай аудио китобларни етказиб берилишига оид чоралар белгилаб олинди.

Маълумки, имконияти чекланганларнинг бандлигини таъминлаш энг муҳим масалалардан бири. Мамлакатимизда бундай инсонларнинг меҳнат қилиши, ишга жойлашиш учун алоҳида ўринлар ажратилмоқда. Лекин шунга қарамай, кўзи ожизларни барча идораларда ҳам бирдек ишга қабул қилишга хайрхохлик билдирмаётган ташкилотлар бор. Бу ногиронлиги бор шахсларнинг оиласида моддий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Уларнинг соғлиги ва имкониятларига қараб, тадбиркорлик фаолиятини юритиши энг мақбул йўл бўлса-да, бу бўйича баъзи бир сунъий муаммолар ҳали ҳамон мавжуд эканлиги маълум бўлди. Хусусан, улар ишлаб чиқарган маҳсулотларга давлат харидларини амалга оширишда баъзи бир тўсиқлар юзага келяпти...

Умуман олганда, биз қураётган жамиятда ҳақиқатдан ҳам тўсиқсиз ҳаётни муҳайё қилиб бериши зарур. Бунинг учун эса белгиланаётган ҳар бир чора-тадбирлар ижросини барча даражадаги масъуллар сифатли ва ўз вақтидаги ижро этиб, “Халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун” хизмат қилишини амалда исботлаб бериши лозим.

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши пойтахтимизнинг барча туманларида тенг ҳуқуқ ва тенг имконият тамойили борасида ишларни давом эттиради.

 

Равшан Хомитов,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари.

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш