Меҳр, саховат кўрсатиш халқимизга хос фазилат. Айниқса, кўнгли ярим инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш улуғ саодат ҳисобланган. Бугунги пандемия шароитида давлатимиз ҳамда саховали кишилар томонидан аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар фикримиз далилидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шоҳиста Турғунованинг шахсий ташаббуси ва саъй-ҳаракатларида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар мужассам. Хусусан, депутат томонидан Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 64 нафар болаларга ўқув қуролларидан иборат жамланмаларнинг совға қилиниши уларга бир дунё қувонч улашди.
– Бизнинг муассасамиз доим давлат эътиборида. Бундан ташқари, саховатпеша юртдошларимиз ҳам болаларга кўп меҳрибонлик кўрстишмоқда, – дейди 26-Меҳрибонлик уйи директори Дилором Абдураҳимова. – Депутат Шоҳиста Турғунова томонидан болаларга тақдим этилган ўқув жиҳозлари таълим-тарбия жараёнида пухта билим олиши, яхши ўқиб-ўрганиши, келажакда баркамол улғайишида муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимизда келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик албатта, мамлакатимиз, халқимиз истиқболи учун мустаҳкам пойдевордир. Бу жараёнда фуқароларнинг фаол иштироки эса жамиятдаги ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш, маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Улуғбек РАҲИМОВ