Президентимиз бошчилигида 24 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижалари қатъий муҳокама этилиб, муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Хусусан, “қониқарсиз”, деб топилган туман, шаҳар раҳбарларига жамоатчилик олдида камчиликларни тан олиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида маълумот бериш вазифаси топширилганди.
Ўйлаб қарасак, бу вазифанинг замирида чуқур мазмун, аниқ мақсад бор. Туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарлари ўз фаолияти билан аввало ўша ҳудуд аҳолиси олдида масъул эканини ҳис этиши, одамларни қийнаб келаётган муаммолар учун биринчи навбатда ўзлари айбдор эканини англаб етиши муҳим. Ана шу жавобгарлик ҳисси, жамоатчилик фикри катта куч эканини англаш янги ташаббуслар ҳақида ўйлаш, сидқидилдан ишлашга қувват беради.
Халқ депутатлари Қумқўрғон тумани Кенгашининг сессиясида қатнашиб шундай хулосага келдим. Сессияда сектор раҳбарлари йўл қўйилган камчиликлар юзасидан аҳолига мурожаат қилиб, камчиликларни бартараф этишга қаратилган вазифалар бўйича режаларини тақдим этди.
Қумқўрғон Сурхондарё вилоятида деярли барча кўрсаткичларда энг охирги ўринларга тушиб қолган. Ҳудудда 1 та иш ўрнига 17 та ишсиз тўғри келаётган экан. Мана шу рақамнинг ўзи сектор раҳбарлари, бошқа мутасаддилар олдида қанчалик катта, чуқур вазифалар турганини англатади.
Сессияда Қумқўрғон туманини “қониқарсиз” ҳудуд тоифасидан чиқариш учун чоралар белгиланди, бу чоралардан ҳар бир маҳалла хабардор этилиши керак, деб ўйлайман. Ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида хабардорлик бўлса, бир-бирини тушуниш, муаммоларни ҳал этиш учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш имкони пайдо бўлади.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.