Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида “Ёшларга кўмак” лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур лойиҳани биринчи бўлиб Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ўтказилиши белгиланган. Бунинг учун ХДП Марказий Кенгаши ёшлар билан ишлаш сектори мудири, Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари, ёшлар билан ишлаш сектори мудири ва Сергели туман кенгаши раисидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Бугун ишчи гуруҳ аъзолари ўша ҳудуддаги муқим иши ва мутахассислиги бўлмаган ёшлар билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида ёшларнинг қайси касб-ҳунарга қизиқиши ўрганилди.
Шундан сўнг тумандаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишилиб, ишсиз ёшларга ҳунар ўргатиш, уларни шогирдликка олиш бўйича иш берувчилар билан суҳбат ўтказилди. Айрим тадбиркорлар бу таклифни қўллаб-қувватлашини билдирди. Тез кунларда ёшлар ҳунар ва иш ўрганиш учун қабул қилинадиган бўлди.
Жаҳонгир Кабиржонов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири