Бугунги кунда хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошди, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи янги босқичга кўтарилди, ҳуқуқий онги ва маданияти юксалди.
Масалан, шу йилдан бошлаб олий таълим муассасаларига хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш тартиби жорий этилди. Хотин-қизларнинг ОТМларга киришлари учун имтиёзли 4 фоизлик давлат гранти ажратилиши қувончли хабар бўлди. Чунки ушбу 4 фоизлик квота – 940 та имтиёзли грант, демакдир.
Юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун кўплаб лойиҳа ва қарорлар жорий қилинмоқда. Президентимиз томонидан 20 август куни тадбиркорликни ҳудудлардаги қўшимча имкониятлар ҳисобига ривожлантириш масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилиш ўтказилди. Унда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳақида ҳам сўз борди.
Йиғилишда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Уларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Бу ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида, мамлакатимизда жорий этилган “темир дафтар”лар сингари, ишсиз ёшлар бўйича алоҳида (“Ёшлар дафтари”), ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида (“Аёллар дафтари”) рўйхатлар шакллантириб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлаш муҳимлиги таъкидланди. Бу эса тадбиркор аёллар қатлами ривожи ҳамда энди тадбиркорликни бошлаган хотин-қизларга қўшимча имконият демакдир.
Видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлган йўналишларни кўрсатиб ўтди ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ижтимоий шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлаган эди. Бугунги кунга келиб эса ушбу масалалар ечими босқичма босқич амалга оширилаётганини кўришимиз мумкин.
Шу ўринда алоҳида айтадиган бўлсак, Давлат раҳбари томонидан кўрилаётган бу чора-тадбирлар замирида иккита энг асосий мақсад – ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, натижада оилаларга барқарор даромад манбаи яратиш мақсади мужассам.
Муборак Маҳмудова,
ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши Хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири.