Жамият эртаси таълим-тарбиянинг сифатига боғлиқ
Жамият эртаси таълим-тарбиянинг сифатига боғлиқ

 

Таълим-тарбия жамият тараққиётини белгиловчи асосий омил экани исбот этмайдиган ҳақиқатдир. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ этиш, ҳар томонлама етук, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Соҳада мустаҳкам қонунчилик асослари яратилган бўлишига қарамай, шиддат билан ўзгараётган замон, жаҳон бозоридаги кескин рақобат ва юқори малакали кадрларга бўлган талабнинг ортиб бораётгани, айниқса, ўтган икки йил ичида жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган янгиланишларнинг мазмунига мос равишда таълим тизимини ҳам тубдан ислоҳ қилишни тақазо этаётган эди. Айтиш керакки, тизимдаги янгиланиш ва ўзгаришлар янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунда ўз аксини топди.

“Таълим тўғрисида”ги Қонун 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, таълим сифатини таъминлашга қўйилаётган бугунги талабларга жавоб бермаётган эди. Яқинда мамлакатимизда янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Мазкур Қонун билан “Таълим тўғрисида”ги ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Қонунлар ўз кучини йўқотди.

Қонунда боблар сони 5 тадан 11 тага, моддалар сони 34 тадан 75 тага ортди. 33 та моддаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, мазмунан тўлдирилди ҳамда илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда 36 та янги моддалар киритилди. Унга кўра, профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилади.

Янги қонунда катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, давлат-хусусий шериклик, таълим соҳасидаги давлат назорати, таълим муассаларини ўзини ўзи баҳолаши, экспериментал ва инновацион фаолият каби янги нормалар киритилди. Яна бир аҳамиятли томони, мазкур янги Қонуннинг қабул қилиниши таълим масаласининг тарбия билан узвий боғлиқлиги таъминланади. Ижтимоий ҳаётимизнинг ҳозирги босқичида, хусусан, ҳар бир ёшни шахс сифатида маърифатли камолга етказиш кўзда тутилмоқда. Бу албатта, биз педагоглар зиммасига катта масъулият юклайди. Тинимсиз изланиш, ўз устимизда узлуксиз ва садоқат билан ишлаш асосий вазифамиздир.

Бир сўз билан айтганда, таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва таълимни халқаро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб бориш учун кенг имкониятлар яратилади, асосийси, таълим сифати яхшиланади, ўқитувчи ва муаллим меҳнати улуғланади.

Бу эса юртбошимиз таъкидлаганларидек, Янги Ўзбекистон, Янги Ренессанс даврининг бошланишига асос, десак сира муболаға бўлмайди.

 

Раънохон Назарова,

Халк депутатлари Уйчи туман кенгаши депутати,

22-сонли умумтаълим мактаби директори.

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш