Жорий йилнинг 7 сентябридан Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 21 та умумтаълим мактабида анъанавий тарзда янги ўқув йили бошланди. Дарслар синов тариқасида карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолатда ташкил этилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, жорий йилда туман миқиёсида умумтаълим мактабларида 23239 нафар ўқувчи таълим олади.
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Мақсуд Нуруллаев туман кенгаши депутатлари билан ҳамкорликда ҳудуддаги 5, 31, 37, 41-умутаълим мактабларида бошланган ўқув жараёнлари билан танишди.
Мактаб ҳовлисида бошланғич, ўрта ва юқори синф ўқувчилари учун алоҳида йўлак ташкил этилган. Ҳар куни тиббиёт ходимлари ўқитувчи ва ўқувчилар учун «фильтрлаш» ўтказилиб, тана ҳарорати ўлчанади ва натижалар махсус журналга қайд этиб борилади.
Ўрганишлар давомида таълим даргоҳларида бир қатор масалаларга эътиборни кучайтириш кераклиги айён бўлди. Хусусан, мактабларда изоляция хоналари мавжуд эмас. Шунингдек, зарур дори-дармонларнинг йўқлиги ҳар бир раҳбарни ташвишга солиши лозим. Зеро, ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етишини таъминлаш ислоҳотларимизнинг асосий мақсадидир. Токи биз танлаган ўқитиш усули фарзандларимиз учун хавфсиз, ишончли бўлсин.
Хуршида Нарзиева,
ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.