Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқини телевизор қаршисида оила аъзоларим билан жам бўлиб тингладик. Унда билдирилган фикрлар, илгари сурилган ғоялар кўнглимизни тоғдек кўтарди.
Айниқса, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси иззат-ҳурматда, қадрда экани ҳақидаги фикрларини ҳаммамиз қўллаб-қувватлаймиз. Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди, – деди Президентимиз.
Бу сўзлар барчамизни руҳлантирди, ғайратимизга ғайрат қўшди. Мамлакатимизда инсон, унинг манфаати ҳамма нарсадан улуғ эканини яна бир бор чуқур ҳис этдик. Ҳозир дунёда нималар бўлаётганини кўриб турибмиз. Пандемия сабабли минг-минглаб одамлар даромадидан айрилди. Ана шундай мураккаб шароитда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, турмуш даражасини ошириш бўйича кенг кўламли чоралар ишлаб чиқилди.
Навоий вилоятида шу йилнинг 7 ойи давоимида тижорат банклари томонидан 1 триллион 130 миллиард кредит маблағлари ажратилди. Хусусан, “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури асосида 17,5 миллиард, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 147,1 миллиард, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан 1,1 миллиард ҳамда Фермерлар кенгаши жамғармасидан ҳисобидан 4,5 миллиард сўм кредит берилди. Бундан ташқари, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган хорижий корхоналар сони 238 тага етиб, 77,4 миллион доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бугунги кунга қадар 554,6 миллард сўмлик 311 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Натижада 2206 нафар аҳоли иш билан таъминланди. Умумий ҳисобда 77,2 мингга яқин ишсизнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 21,9 минг нафарини хотин-қизлар, 27,6 минг нафарини эса ёшларимиз ташкил этади.
Шунингдек, мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Навоий шаҳрида Марказий Осиёда ягона мегакўприк фойдаланишга топширилгани фуқароларимизнинг кўнглини шод қилди. Ғалаба шоҳ ва Амир темур кўчалари кесишмасида бунёд этилган мазкур ер усти пиёдалар йўлагининг баландлиги 5,5 метр бўлиб, 4,5 метр кенгликда пиёдалар йўлаги яратилди. Кексалар, имконияти чекланган шахслар учун қулайлик яратиш мақсадида тўрт томондан ҳам лифт қўйилди. Бу ерда иншоот қурилганича автомобиллар тирбандлиги юзага келаётгани аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган эди.
Шуларни кўриб, гувоҳи бўлиб, мустақиллик нечоғлик буюк неъмат эканини дилдан ҳис қиласан, киши. Бугун Ўзбекистонимизда эришилган барча ютуқлар айнан мустақиллик шарофатидан. Бизнинг, ўсиб келаётган фарзандларимизнинг энг муҳим вазифаси эса узоқ қийинчиликлар ва катта сабр-матонат билан қўлга киритилган Мустақилликнинг қадрига етиш, уни мустаҳкамлашдан иборат. Бу ҳар биримизнинг Ватан олдидаги фарзандлик бурчимиздир.
Мақсуд Нуруллаев,
ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси.