Меҳр кўрсатмоқлик — қаҳрамонликдир...
Меҳр кўрсатмоқлик — қаҳрамонликдир...

 

“Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!”

Ногоҳон пайдо бўлган коронавирус пандемияси инсониятни катта синовларга дучор қилди. Чуқурроқ ўйлаб қарасак, ногоҳон пайдо бўлганмикин?

Қайсидир маънодаги лоқайдлигимиз, ғафлатимиз, бепарволигимиз шу даражага борган эканки, соғлик, поклик деган тушунчалардан анча узоқлашган эканмиз. Коронавирус одамзотнинг бойми, камбағалми, миллати, жинси, ирқи, яшаш жойи, ижтимоий аҳволи қандай бўлишидан қатъий назар тенг эканлигини англатиб қўйди. Ҳаёт омонатлигини билдирди. Нажот эса одамзотнинг ўзида, унинг ақл-идроки, иймон-эътиқоди, сабр-матонати, билим-тафаккури, меҳр-оқибати, инсонийлигида эканлигини бугунги ташвишли вазият яққол кўрсатиб қўйди.

Биз “карантин”, “қаҳрамонлик” деган ибораларни фақат китобларда ўқишга одатланиб қолган эдик. Қаҳрамонлик уруш даврларида бўлади, деб ўйлаганимиз ҳам рост.

Она Ватанимиз Ўзбекистонда ҳам бу тожли вируснинг аччиқ таъсири сезилмай қолмади албатта. Фақат давлатимиз раҳбарининг азму-шижоати, ватандошларимизнинг ўз касбига, халққа бўлган катта муҳаббати, собит иродаси туфайли мамлакатимизда бу кўринмас бало ёйилиб кетишининг олди олинди.

Биз ўша синовли кунларда бизни фақат китоблар орқали ҳаваслантирган, ҳайратлантирган қаҳрамонларни ҳаётда кўрдик. Улар шифокорлар, саховатли тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг фидойи ходимлари, ҳарбийлар ва бошқа ташаббускор ҳамда фаол фуқаролар эди!

Улкан меҳр-оқибат тантанаси туфайли Ўзбекистонимизда ҳеч бир оила, ҳеч бир инсон ёлғиз эмас. Юртнинг фидойилари коронавирус ва унинг салбий таъсирига қарши мардонавор курашмоқда. Уларнинг оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борадаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшишмоқда. Жамиятимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан ҳаётимизга ўзгача файз ва барака бағишлашмоқда.

Мардлар матонати олдида ниҳоят хасталик чекинди.

Биз пандемия даврида меҳр-оқибати, саховати, матонати дарёдай жўшган жонажон Ўзбекистонимизга шукроналар келтирдик.

Юрт бошига тушган айни синов кунларда Ватанга бўлган улкан муҳаббатини намоён қилаётган халқ қаҳрамонлари ҳамиша Президентимизнинг, халқимизнинг ардоғида. Давлатимиз раҳбари фармони асосида улар юксак мукофотларга сазовор бўлишмоқда.

Куни-кеча Президентимиз фармонига кўра, “Меҳр-саховат” кўкрак нишони таъсис этилди. Мазкур кўкрак нишони билан соғлиқни сақлаш соҳасининг жонкуяр вакиллари, саховатли тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг фидойи ходимлари ҳамда бошқа ташаббускор ва фаол фуқаролар мукофотланадилар.

Ҳа, эзгуликлар бешиги бўлган муқаддас заминимизда юртга, халққа бўлган меҳр-муҳаббат, эл-юрт учун фидокорона хизмат қилиш — ҳақиқий қаҳрамонликдир.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш