Улуғбек Иноятов Наманганда камбағалликни қисқартириш ишларини ўрганмоқда
Улуғбек Иноятов Наманганда камбағалликни қисқартириш ишларини ўрганмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари бир гуруҳ депутатлар билан бирга Наманган вилояти туманларида камбағалликни қисқартириш, карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатилиши жараёнида корхона-ташкилотлар фаолиятини тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганмоқда.

Пандемия шароитида жойларда юзага келган ҳақиқий ҳолат бевосита ўрганилиб, ҳудудий мутасаддилар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бирга муҳокама этилмоқда. Муаммоли ҳолатларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Бугун У.Иноятов Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Янги Ўзбекистон — вакиллик органлари ривожининг янги босқичи” мавзуида ташкил этилган парламент конференциясида Наманган вилоят студиясидан маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бирга иштирок этди.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишлаб ўтказилган анжуманда парламент аъзолари билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ва сиёсий партиялар раҳбарлари ҳамда фаоллари иштирок этди.

Конференцияда ҳокимият вакиллик органлари, барча даражадаги депутатлар корпуси фаолиятининг мамлакатимизда демократияни янада ривожлантириш, ҳақиқий халқ ҳокимиятчилиги, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтиришдаги ўрни ва аҳамияти муҳокама этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ўз сўзида Ўзбекистон парламентини ривожлантиришда мамлакат Президенти халқ билан, халқнинг ўзи танлаган қонуний вакиллар билан мулоқотнинг тубдан янги механизмини таклиф этганлигини алоҳида таъкидлади. 2017 йилдан эътиборан Ўзбекистон раҳбарининг мамлакат парламентига мурожаат билан чиқиш институти жорий этилгани, ушбу теран сиёсий ва ҳуқуқий мазмун-моҳиятга эга бўлган муҳим тартиб-таомил парламентнинг мамлакат ҳаётидаги роли ва ўрнини чинакамига ошириш учун янги имкониятларни вужудга келтирганини қайд этиб ўтди.

Анжуманда У.Иноятов сўзга чиқиб, бу йил “Сен – қудрат манбаи, садоқат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида нишонланаётган энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан барчани табриклади. Ҳар қандай синовларни енгиб ўтишда, эзгу мақсадларга етишимизда бу байрам барчамизга чексиз куч беришини таъкидлади.

Мамлакатимиз тараққиётини бутунлай янги даражага олиб чиқишда, том маънода Янги Ўзбекистонни бунёд этишда, халқимиз учун ҳар томонлама муносиб ҳаёт шароитини яратишда, жамиятни ислоҳотларнинг ҳақиқий ташаббускорига айлантиришда миллий парламентимиз алоҳида аҳамиятга эга.

Парламентнинг, маҳаллий Кенгашларнинг умумий фаолияти бўйича қонунчилик такомиллашиши муҳим, албатта. Шу билан бирга, парламентнинг ичидаги жараёнлар очиқ, эркин, муҳокама ва таклифларга бой тарзда амалга ошиши ҳам жуда муҳим. Бу масала бўйича тегишли қонунларда аниқ меъёрлар аксини топган. Дастурий мақсадларидан келиб чиқиб сиёсий партиялар фракциялари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари муҳокама этилаётган масалалар бўйича ўз нуқтаи назарини билдириш ҳуқуқига эга. Алоҳида қайд этиш керакки, партиялар фракцияларининг таклифлари қонун лойиҳалари ва бошқа масалаларни кўриб чиқишда албатта ҳисобга олиниши аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ҳақ-ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилишга интиладиган партиямиз учун принципиал масала, деди ЎзХДП етакчиси.

Халқ демократик партияси жамиятда барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишда ижтимоий соҳадаги изчил ислоҳотларни муҳим зарурат, деб ҳисобайди.

Шу жиҳатдан Мустақиллик йилларида ижтимоий соҳага эътибор кўламини тасаввур қилиш учун кейинги 3-4 йилдаги ишларни эслаш хулосалар учун бўлади, назаримда.

Инсоннинг ижтимоий ҳолати, жамиятда тутган ўрнидан қатъи назар, аввало унинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Турли сабаблар билан оғир вазиятга тушиб қолган, аммо керакли ёрдам ва қўллаб-қувватлов кўрсатилса, ҳаётини изга сола оладиган фуқароларга ҳам муносабат тубдан ўзгармоқда.

Ижтимоий ҳимоя тизимидаги ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталмасликнинг иложи йўқ. Айниқса, камбағал оила ҳолатини яхшилаш, ўзгартириш аввало бу оила нега бундай вазиятга тушиб қолганини аниқлаб, шунга мос ёрдам кўрсатилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Бундай тизим оилаларни камбағалликдан чиқариш, даромад манбаини мустаҳкамлаш, боқимандалик кайфиятини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга, албатта.

Мамлакатимизда турли ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг 12-15 фоизи камбағал, бу 4-5 миллион кишини ташкил этади. Дастлабки таҳлиллар кўрсатишича, етарли даромадга эга бўлмаган оилаларда камида бир нафар ишга лаёқатли фуқаро яшайди. Агар уларга касб-ҳунар ўргатилса, ўз ишини юритиши учун кўникма берилса, оилаларнинг камбағалликдан чиқиш имкониятлари ўз-ўзидан ошади. Фақат бунинг учун давлат томонидан тизимли ёрдам ва қўллаб-қувватлаш зарур. Айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазият мазкур йўналишдаги ишлар аҳамиятини янада оширгани алоҳида қайд этилди.

Наманган вилояти туманларидаги ўрганиш жараёнида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзоларига ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ ишларни тизимли назорат қилиш, хусусан, “темир дафтар”лар юритилиши, моддий ёрдам пуллари адолатли тайинланиши, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнини ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.

Ўрганиш натижалари ҳудудлардаги ҳокимият, корхона-ташкилотлар раҳбарлари иштирокида маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама этилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинмоқда.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш