Мустақилликка ҳар хил таърифлар берилади, унинг аҳамияти ҳақида қанча гапирсак ҳам оз. Мустақиллик — аввало ҳуқуқ, мустақиллик — тинчлик, мустақиллик — бу улуғ неъмат... Яна айтадиган бўлсак, истиқлол шарофати билан Ўзбекистон халқаро миқёсда ўзини танитиш, барча давлатлар билан тенг ҳамкорлик қилиш имкониятини қўлга киритди, бозор иқтисодиётига ўтиш учун шароит барпо этилди.
Ўзбекистон тадбиркорлар учун имкониятларга тўлиб-тошди, муваффақият, ўсиш ва бахтга эришиш учун ўзгаришларнинг салмоқли майдони шу заминда ҳосил қилинди. Рақамли асрда тадбиркор бўлишнинг энг катта талабларидан бири бу – бизнесни онлайн равишда ташкил этиш қулайлиги, электрон тижоратдан тортиб, таълимгача барчаси интернет орқали амалга оширилишидир. Истиқлол йилларида мамлакатимизда бу борада дадил қадамлар ташланди, дейиш учун тўла асос бор.
Рақамли асрда тадбиркорлик фаолиятини бюрократик руҳдан ҳоли, ишбилармонлик амалиёти, шунингдек иш жойларини яратиш ва иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатишга қаратилган давлат сиёсати олиб борилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик масалалари иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим омил бўлганлиги боис, ушбу соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида охирги уч йилда давлатимиз раҳбарининг элликдан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман институти ташкил этилгани ҳам соҳа ривожида, тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур жараёнда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга оширишда, давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назорат кучайтирилди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширувларини мувофиқлаштиришни ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувлари ўтказилишининг қонунийлиги устидан назорат йўлга қўйилишига эришилди.
Айтиш керакки, Фарғона вилоятида банк тизимини узлуксиз ишлашини таъминлаш, мижозларга масофавий банк хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида банк мижозларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ишлар амалга ошириш борасида Фарғонача модели яратилган.
Давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари асосида яратилган имкониятлар, банк тизимида оид энг сўнги янгиликлар, аҳолининг банкка ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги интерактив банк хизмат турлари тақдим этиб келинмоқда.
Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб имтиёзлар белгиланган бўлиб, Фарғона вилоятида бу борадаги ишларни ташкил этиш бўйича зарурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Масалан, Фарғона вилоятида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари бўйича 14 701 нафар фуқаро ва оилаларга 403 321,4 млн.сўм миқдорида кредит маблағлари молиялаштирилган. Бунда, 70 фоиз маблағларни янги иш ўрни яратувчи кичик бизнес лойиҳаларига, 30 фоизини уй шароитида ўз-ўзини банд қилиш орқали томорқадан унумли фойдаланиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш каби лойиҳаларга маблағлар йўналтирилмоқда.
Шунингдек, ҳудудлардаги 4 та сектор раҳбарлари томонидан жойларда олиб борилган ўрганишлар натижасида “Темир дафтар”га киритилган кредит олиш истагидаги 2564 та камбағал оилаларга 32,8 млрд.сўмлик кредитлар ажратилиши ҳисобига уларнинг бандлиги таъминланди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 19 та вилоят тижорат банклари вилоятимиздаги 19 та шаҳар ва туманларга бириктирилган. Уларнинг зиммасига ихтисослашувга қараб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги барча масалаларни жойида ҳал этиш каби вазифалар юклатилган.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан пандемия шароитида 1186 та тадбиркорларга 509 млрд.сўмлик компенсация, 76 та тадбиркорларга 185 млрд.сўмлик кафиллик хизматлари орқали молиявий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, битта қарз олувчига жамғарма томонидан бир вақтда ҳам кафиллик, ҳам компенсация беришга қўйилган чеклов бекор қилинди. Бу билан тадбиркорлар 2020 йилнинг 1 октябрига қадар мазкур имтиёзлардан бемалол фойдаланиш имконияти яратилди.
Ўзбекистонимиз собиқ тузум даврида энг оқсаган юртдан мустақилликнинг қисқа даври мобайнида гуллаб-яшнаган мамлакатга айлангани, буни халқаро экспертлар ҳам эътироф этаётгани ҳар биримизни қувонтиради, ғурурлантиради ва албатта, янги марраларга илҳомлантиради.
Аваз Ўринбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.