Жорий йилнинг 21 август куни давлатимиз раҳбари Бектемир туманига ташриф буюрди. Ташриф чоғида туманимизни имкониятлар ўчоғи, деб атади. Дарҳақиқат, шундай.
Масалан, биргина кичик “Бинокор” маҳалласида 43 та корхона фаолият кўрсатади. Шулардан 19 таси тўлиқ фаолият кўрсатиб келаётган корхоналар ва 7 таси йирик корхоналардир. Уларда 11,5 минг нафардан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.
"Бинокор" маҳалласидаги корхоналар нафакат туман ёшларини, балки қўшни вилоят ва туманлар аҳолисини хам иш билан таьминлайди. Туманимиз Тошкент шаҳри саноатининг 10 фоизини ташкил этади. Жорий йилнинг ўтган даврида бу ерда саноат маҳсулоти 9 фоизга, хизмат кўрсатиш 8 фоизга, экспорт 11 фоизга ўсган.
Мени депутат яъни халқ вакили сифатида қувонтирган нарса, давлатимиз раҳбари туманда янги «ўсиш нуқталари»ни топиш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш борасидаги режалар тўғрисида айтиб ўтгани бўлди. Масалан, Бектемир туманига Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларидан жами 1 минг 639 гектар ер ўтказилади. Натижада туман ҳудуди 3 минг 472 гектарга етади. Бунинг ҳисобига янги саноат ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этиш, минглаб иш ўринлари очиш имконияти яратилади.
Алоҳида такидлаб ўтиш керакки, яқин уч йилда туманда умумий қиймати 3,3 триллион сўмлик 61 инвестиция лойиҳаси амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, жорий йилда 52 та шундай лойиҳа ишга туширилиб, 2 минг 700 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган. Бу янги имкониятлар, икки мингдан зиёт оила фаровонлиги, ёшларнинг бандлиги деганидир.
Ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам таҳлил қилинди. Туманда ишсизлик даражаси 3,3 фоиз, шу жумладан, аёллар орасида 1,7 фоиз, ёшлар ўртасида 1,6 фоиз экани қайд этилди. Мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги, атиги 13 та МТТ фаолият юритаётгани танқид остига олинди. Ушбу соҳада хусусий сектор ривожланмагани, қатор маҳаллаларда ички йўллар ҳолатининг ёмонлиги, коммунал тизимларда ҳам камчиликлар борлиги кўрсатиб ўтилди. Шундан хулоса чиқариб, биз депутатлар туманимизни ижтимоий-иқтисодий томондан янада ривожлантиришга ҳисса қўшишимиз, бу борада асосли таклифлар, ташаббуслар билан чиқишимиз керак, албатта. Бунинг учун кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли. Фақат аҳоли ичига кўпроқ кириб бориб, муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатиш талаб этилади.
Умида Нишанбекова,
Халқ депутатлари Бектемир туман кенгаши депутати.