Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида Олий Мажлис ҳузурида ташкил этилган «Ёшлар парламенти»га партиядан сайланган ёшлар билан илк учрашув видеомулоқот тарзида ўтказилди. Мен ҳам шундай масъулиятли вазифа юклатилган ёшлар қаторида эканлигимдан фахрланаман.
Баркамол авлод вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, жамиятимизда учрайдиган муаммо ва камчиликларни ёшлар иштирокида муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш, йигит-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш «Ёшлар парламенти»нинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Тадбир қизғин фикр-мулоҳазалар асосида ўтди. Чунки унда парламент аъзолари ўзларининг режалари, ҳудудларидаги ёшларни қийнаётган муаммоларни муҳокама этиб, уларнинг ечими бўйича таклифларини баён этишди. Тўғриси, ушбу анжумандан ўзимга қўшимча куч, ишонч олдим. Биз албатта Ёшлар парламентининг ёрқин овози бўламиз.
Мен ҳам конимехлик ёшларни, қолаверса, марказдан анча олис ҳудудда истиқомат қилаётган йигит-қизларни ўйлантираётган муаммоларни айтдим. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Конимех туманида 17 200 нафар ёшлар истиқомат қилади. Шундан 1 656 нафари ишсиз, 80 нафари имконияти чекланган ёшлардир.
Ахборот коммуникация технологиялари ривожланган даврда конимехлик ёшлар интернет тармоғидан самарали фойдалана олмайди. Олис овуллар ҳисобланган Янгиқазғон, Караката, Боймурод, Учтепа ва Саржалнинг интернет тармоғи билан уланишини таъминлаш зарур. Бу пандемия даврида масофавий таълимни йўлга қўйиш жараёнида ҳам салбий таъсирини кўрсатди. Ўқувчиларнинг таълим олиши учун яхши шароитларни яратиб бермасдан улардан сифатни талаб қилиш мантиқсизлик деб ўйлайман. Бундан ташқари, имконияти чекланган ва соғлом ёшларнинг тенг таълим олишлари учун ногиронлиги бўлган ёшлар олий таълим муассаларига ўқишга қабул қилинганларидан кейин, уйда ўтириб таълим олишлари учун шароитлар яратиш мақсадида масофавий таълимни йўлга қўйиш лозим. Шундагина уларнинг янада ўқишга бўлган қизиқиши ошади ва ногиронлиги бўлган ёшларнинг ОТМга қамрови кенгаяди.
Учрашувда билдирилган таклиф ва тавсиялар, мулоҳазалар асосида ишни нимадан бошлаш зарурлигини ҳамда ўз режамни тузиб олдим.
Гулбону Куватова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси.