Тарғиботда самарадорлик муҳим
Тарғиботда самарадорлик муҳим

Сайловлар олдидан ҳар бир сиёсий партия ўзининг сайловолди дастури, сиёсий платформасини ишлаб чиқади, янги-янги ғояларни ўртага ташлайди, эл-юрт орасида обрў-эътибор қозонган инсонлар номзодини илгари суради. Бир сўз билан айтганда, кураш қизғин бўлади. Шунинг учун сайловолди тарғиботида энг замонавий, таъсирчан усуллардан, ахборот коммуникация технологиялари, ОАВ имкониятлари, кўргазмали воситалардан самарали фойдаланиш зарур.

Жорий йил мамлакатимизда Олий Мажлис қонунчилик палатасига ва маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловлар ўтказилади. Сайловни самарали ўтказиш учун ЎзХДП томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда партия тизимида ишловчи кадрларнинг профессионал тайёргарлиги ва малакасини ошириш ҳамда сайловда самарали иштирокини таъминлаш мақсадида “Сайлов кампаниясига тайёргарлик кўриш ва муваффақият қозониш йўллари” мавзусида тренерлар ўқуви ташкил этилмоқда.

Наманган вилоятидаги сиёсий ўқув машғулотлари Наманган давлат университетининг конференциялар залида бўлиб ўтяпти. Унда партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари масъул ходимлари, «Тарғиботчилар гуруҳи» аъзолари, профессор-ўқитувчилар, ҳудудий тренерлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Видеомулоқот тарзида бўлиб ўтган ўқувда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов иштирок этиб, бугун фуқароларнинг ҳуқуқий ва сиёсий онги ошиб, партияларга ишончи ва талабчанлиги кучайиб бораётганини таъкидлаб ўтди. Бундай шароитда қўлни қовуштириб ўтирган сиёсий куч ҳеч қачон электорат ишончига сазовор бўла олмаслиги, фуқароларни ташвишга солаётган муаммолар ечимини топишга астойдил ҳаракат қилаётган сиёсий партиягина тарафдорларини кўпайтира олишини уқтириб ўтди.

– Бугун сайловчилар сиёсий-ҳуқуқий онги анча юксалган. Улар овоз берган депутатидан эртага ҳисоб сўрашни жуда яхши билади. Демак, сайловчилар олдида юзимиз ёруғ бўлиши, уларнинг манфаатларини дадил туриб ҳимоя қилишимиз учун амалий ҳаракатларни кўпайтириш керак. Сайлов жараёнида ҳар бир партия фаоли, етакчиларимиз тарғибот ишларида фаол қатнашиши талаб этилади. Улар жамоа билан ишлашнинг замонавий, универсал, хилма-хил услубларини эгаллаши, амалиётда қўллай олиши, сўз устаси, ташкилотчи бўлиши, партиянинг, депутатнинг амалий ишларини халққа кўрсата олиши зарур. Бунинг учун ушбу ўқувда олинган билим ва кўникмалар яхши натижа беради, деб ўйлайман, – дейди Наманган давлат университети Ўзбекистонда демократик жамият қурилиш назарияси ва амалиёти кафедраси мудири тарих фанлари номзоди Низомжон Ғофуров.

Алоҳида режа асосида тизимли равишда ташкил этилган ўқув-семинарида маъруза қилган Наманган давлат университетининг сиёсатшунос ўқитувчилари фуқаролик жамиятида сиёсий партиялар жамият ва давлатни боғловчи демократик институт вазифасини бажариши, ҳозирги кунда ҳар бир сиёсий партия амалдаги қонунларга биноан сайлов жараёнида Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига ўз номзодларини кўрсатиб, давлат ҳокимиятини шакллантиришда иштирок этаётгани, мамлакатимиз фуқаролари сиёсий партиялар орқали нафақат давлат ҳокимиятини шакллантиришда, ҳаттоки, улар фаолиятини назорат қилишда ҳам иштирок этаётгани хусусида тўхталиб ўтишди. Бўлажак сайловларга пухта тайёргарлик кўриш, фаол иштирок этиш борасида ўз таклиф ва тавсияларини беришди.

Полемика усулида бўлиб ўтган ўқув-семинар якунида иштирокчилар мавзулар юзасидан кичик гуруҳларда ишлашди. Таклифларини тақдимот кўринишида баён этишди. Ўқув-семинари давом этмоқда.

 

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши

Матбуот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш