Эҳтиёжманд оилалар эътиборимиз марказида
Эҳтиёжманд оилалар эътиборимиз марказида

 

Ярим йилдирки, бутун дунё аҳолиси каби халқимиз ҳам коронавирус пандемияси туфайли юзага келган оғир кунларни бошидан кечирмоқда. Бундай мураккаб ва қалтис вазиятда ночор аҳволга тушиб қолган, моддий ёрдамга ва меҳр-мурувватга муҳтож ҳамюртларимизга кўмаклашиш энг муҳим вазифаларимиздан биридир.

Давлатимиз раҳбари халқимизга мурожаатида худди шуни назарда тутиб, “Биз пандемияни қачон енгамиз? Қачонки, ҳар бир одам ўзидаги бепарволикни енгса, ўзи, оиласи ва фарзандлари, бутун халқимиз ҳаётига масъулият билан қарайдиган бўлса. Биз шунга қодирмизми? Албатта, қодирмиз. Ишончим комил, бугунги вазиятнинг ўзи тақозо этаётган мана шундай ҳиссиёт ва қарашлар ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгига чуқур кириб боради. Ва биз бу синовдан, албатта, муносиб ўтамиз”, деган эди.

Албатта, бир-биримизга ҳар томонлама далда ва мададкор бўлиш, айниқса, моддий аҳволи оғир кишиларни имкон қадар қўллаб-қувватлаш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир. Энг муҳими, бу борада умрбоқий анъаналаримизга қатъий риоя қилиш халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада жипслаштирмоқда.

Давлатимиз раҳбари шу йил 30 июлда имзолаган “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон эса айни йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Барчамизни масалага янада юксакроқ масъулият ёндашишга, қийинчиликларни бундан кейин ҳам биргаликда ва ҳамжиҳатлик билан енгишга ундади. Биз эҳтиёжманд оилаларни аниқлаб, уларнинг хонадонларига қувонч бахшида этишни навбатдаги вазифамиз, деб билдик.

Сергели туманининг “Мададкор” маҳалласида ҳам ёрдамга муҳтож оилалар анчагина. Айрим кишилар карантин даврида келиб чиққан ишсизлик муаммоси туфайли рўзғорини тебратишда қийналаётган бўлса, баъзилари умр йўлдоши вафот этиб, вояга етмаган фарзандлари билан бева қолган. Яна бири жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган, бошқаси автофалокат оқибатида ногиронга айланган. Уларга “Саховат ва кўмак” ҳаракати бўйича ёрдамлар кўрсатилди. Ўн битта эҳтиёжманд оилага эса белгиланган миқдорда пул маблағлари тарқатилди. Айни кунларда бошқа хонадонлардаги ҳақиқий аҳвол ҳам батафсил ўрганилмоқда. Мақсадимиз, ҳақиқаттан эҳтиёжманд оилаларни аниқлаб, уларга яқиндан ёрдам беришдир.

Яна бир гап. Вазият қандайлигидан қатъи назар, туманимизда ёшлар таълим-тарбиясига ҳам доимий равишда жиддий эътибор қаратилаяпти. Масалан, июль ойида уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Беш ташаббусни уйда бажарамиз” лойиҳалари ижросини таъминлаш ҳамда натижалари бўйича “Спорт билан иммунитетни оширамиз”, “Вирусни билим олиш орқали енгамиз”, “Вақтингни беҳуда сарфлама”, “Уйда қолиб, билим оламиз” мавзуларидаги чақирув мақолалар ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.

Пандемия қачон тугаши аниқ эмас. Шундай экан, синовли кунларда бундан кейин ҳам якдил ва саховатпеша бўлайлик. Бир-биримиздан ёрдамимизни аямай, меҳр-оқибат ва хайр-саховат кўрсатайлик. Шубҳасиз, ана шунда ҳар қандай машаққатни ҳам муваффақиятли енгиб ўтамиз.


Нигора САИДХОДЖАЕВА,

Халқ депутатлари Сергели тумани кенгашидаги ЎзХДП депутати.

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш