Пандемия шароитида дунёнинг кўплаб ҳудудларида, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам аҳолини иш билан таъминлаш масаласи муаммога айланиб қолди. Оқибатда миллионлаб инсонлар ишсизликдан азият чекмоқда.
Экспертларнинг таъкидлашича, бундай вазиятда аҳолининг заиф ва ҳимояга муҳтож қатламини самарали ижтимоий муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Агарда ишсизликка қарши қатъий чоралар кўрилмаса, ижтимоий кескинлик янада кучайиши мумкин.
Президентимиз раҳбарлигида 14 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш билан боғлиқ аниқ масалалар муҳокама этилди, аниқ вазифалар қўйилди. Албатта, эртасини ўйлаган мамлакат ёшларини, аёлларни эътиборсиз қолдирмайди.
Партиямиз тизимида ёшлар билан ишлаш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлашга катта аҳамият берилади. Хусусан, партия Жамоатчилик қабулхоналарига мурожаат қилаётган йигит-қизларнинг муаммолари ҳал этилмоқда.
Яқинда партия Янгиқўрғон туман кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига келиб тушган мурожаатлардан бири туманнинг Қандиён маҳалласи ҳудудида истиқомат қилувчи Баҳодир Турсуновдан эди. У ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраган эди. Туман партия кенгаши ва депутатлик гуруҳи Ёнғинга қарши кураш жамиятига мурожаат этди. Б.Турсуновни қийнаётган масала ижобий ечим топди, у ёнғинга қарши кураш жамиятининг туман бўлими томонидан доимий иш билан таъминланди.
Норинлик Санталат Ғойибназарова Норин туман Кенгаши депутати Азиза Рахманчаеванинг ёрдами билан туман ободонлаштириш бўлимига борди ва доимий иш билан таминланди. Уйчилик Нурмуҳаммад Камалов эса “Маҳалла” жамоат фонди тизимида ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишига жалб этилдики, бунда партия туман кенгашининг туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорлик қилгани қўл келди.
ЎзХДП маҳаллий кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида жами 531 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг аксарияти бандлик муаммоси билан боғлиқ.
59 нафар мурожаатчининг бу масаладаги сўровлари ижобий ҳал этилди. Улар орасида банк кредит масаласидаги чигалликларни бартараф этиш билан боғлиқ сўровлар ҳам кўп.
Уйчилик Маъсуда Ҳайдарова тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш умидида 3.5 миллион сўм кредит олиш учун анча сарсон бўлгани ҳақида айтди. ЎзХДП туман Кенгашидаги қабулхонага шу масала юзасидан мурожаат қилди. Депутат Раънохон Мирзаеванинг ёрдами билан ушбу мурожаат ижобий ечим топди.
Парандачилик йўналиши бўйича тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган Қўғай қишлоғилик Гулнозахон Юлдашова Учқўрғон туман Кенгаши депутати Азамжон Қодировдан миннатдор. Партия туман кенгаши ва депутат аралашуви билан 20 миллион сўм имтиёзли банк кредитини қўлга киритиб, эзгу мақсади йўлида астойдил интилмоқда.
Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан берилган кўрсатмалар партиямиз фаоллари ва депутатлардан ҳам фаолликни талаб қилмоқда. Партиямиз Сайловолди дастурига ҳамоҳанг тарзда ушбу вазифалар ижросига белни маҳкам боғлаб киришишимиз керак. Ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш лозим. Аҳоли бандлигини таъминлашга тўсиқ бўлаётган муаммоларни атрофлича ўрганиб, депутатлар ёрдамида уларни ҳал қилиш чораларини кўриш талаб этилади.
Илҳомжон Атабоев,
ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси