Cоvid-19 баъзи инсонларда енгил, баъзиларда эса оғир кечмоқда. Ушбу вирусни хавфли эканини у билан оғриган ёки яқинларидан бирининг азият чекаётганини кўрган тушуниб етади. Афсуски, касалликка чалинмаган фуқаролар ушбу кўринмас офатни хавфли эканини англаб етишмаяпти. Акс ҳолда, улар кўча-куйда мақсадсиз, ниқобни жарима тўламаслик учунгина бурунларини очиб олиб тақиб юришмас эди.
Иштимоий тармоқларда шифокорлар, тез тиббий ёрдам ва СЭС ходимлари ҳақида негатив фикрлар билдирилмоқда. Бировни танқид қилишдан осон иш йўқ. Келинг, бир реал воқеаларга назар ташлайлик.
Тез тиббий ёрдам машинаси 3 дақиқада келиши мумкин бўлган масофага 3-4 соатда боряпти. Бу кўп жойларда бемалолчиликдан эмас, чақирув кўплиги ва бошқа сабалардан ҳам бўляпти. Хонадонга кирган ҳамшира ёки врачнинг бемор ёки унинг яқинлари томонидан эшитадиган биринча гапи тана-ю дашномлар бўлмоқда. Тез тиббий ёрдамнинг кечикишида шифокор ёки ҳамшира қанчалик айбдор? Шу инсонларга биргина ширин сўз билан “Чарчамасдан ишлаяпсизми? Сизларга ҳам роса қийин бўлди”, деб гапни бошлаганга нима етсин. Тўғри, яқинимиз дард билан олишиб ётган пайт дунё қоронғу кўринади. Лекин айни кунлардаги вазият шуни тақозо қилаётганини тушунишимиз лозим. Улар имконияти доирасида кўрсатилиши керак бўлган ёрдамни қиляпти.
Зарафшон шаҳридаги 3 сонли тиббий санитария қисмга шифо излаб келганларнинг ҳам ҳаммасига жой топилмаётгани, жой топилганларига ҳам шифокорлар етишмаётгани ҳам айни ҳақиқат. Хўш, шундай вазиятга тушиб қолишимизга ким айбдор? Инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун жонини хатарга қўйган қаҳрамонларимиз ҳисобланган ҳамширами ёки шифокор? 30 кишилик тўй қиламиз, деб 3 кунлаб халққа ош тарқатган ёки тиббий ниқобни хўжакўрсинга тақиб, кўча-куйда ташлаб кетаётганлар ёки зерикдик деб, меҳмондорчилик қилганлар эмасми?..
Шундай қалтис вазиятда шаҳримиз тиббиёт ходимларини айбдор санашимиз ноўриндир! Бир ўйлаб кўрайлик, беморларни ҳаётга қайтариш учун неччи нафар тиббиёт ходимининг ўзи ҳам шу касаллик билан оғриди. Жамиятимизда кечаётган вазиятдан тўғри хулоса қилган ҳолда айбдорни излашдан кўра, ўзимиздаги бор имкониятлардан фойдаланиб бу офатдан камроқ талофат билан чиқмоқ чораларини кўришимиз зарур.
Азиз ҳамюртлар!
Кун қаҳрамонларига айланишаётган тиббиёт ходимларини ёппасига қораламасдан, уларнинг хизматларини ҳам эътироф этайлик. Дардларимизга шифо беришга сабабчи бўлаётганларни ижтимоий тармоқларимизда исм-шарифларини билдириб, қилган хизматларини улуғласак, руҳий далда берсак, уларнинг кайфияти кўтарилиш билан бирга, эртанги кунда янада завқ ва маҳорат билан беморларга шифо улашади.
Шу фурсатдан фойдаланиб, Зарафшон шаҳар 3-сонли тиббий санитария қисмининг реаниматологи Ўктам Содиқов ва терапевт врач Мафтуна опага жондан азиз яқинларимга кўрсатган касбий ёрдамлари учун миннатдорчилик билдираман. Илоҳим фарзандларингизни бахтига соғ-саломат бўлинг!
Давронбек Номозов,
Ўзбекистон ХДП Зарафшон шаҳар кенгаши
“Истиқбол” ёшлар қаноти фаоли