Ҳаётимиз қандай бўлиши аввало, ўзимизга боғлиқ
Ҳаётимиз қандай бўлиши аввало, ўзимизга боғлиқ

 

Давлатимиз раҳбари 26-27 июнь кунлари Наманган вилоятида бўлди. Президентимиз вилоятимизга ташрифи давомида ҳудудда аҳолининг ҳаёт тарзи, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишгани одамларнинг кайфиятини кўтарди, ҳаммамизни мамнун қилди. Айниқса, Юртбошимизнинг бизнинг туманда ҳам бўлиши учқўрғонликларни янги манзиллар сари руҳлантирди. Энг катта мақсад-муддаомиз – одамларни рози қилиш, деган фикрлари қалбимизни тўлқинлантирди.

Президентимиз вилоят ва туман ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари билан йиғилишда вилоятимизда камбағалликни қисқартириш, таълим муассасалари битирувчиларини касб-ҳунарга қамраб олиш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари туман ва шаҳарлар кесимида вилоятда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва ушбу лойиҳалар учун 80 миллиард сўм маблағ ажратилишини қайд этди. Ушбу маблағга қўшимча равишда яна 100 миллиард сўм ажратилади. Карантин шароитида тушуми камайган тадбиркорларни айланма маблағ билан таъминлашга 2,3 триллион сўм, жорий йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга 350 миллиард сўм кредитлар йўналтирилади.

Ҳақиқаттан ҳам, ҳозирги пандеамия шароитида иқтисодиётни барқарорлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини кўпайтириш масаласи кун тартибида турибди. Биз депутатлар ҳам бу борадаги ишларни амалга оширишга масъулдирмиз.

Биламизки, жорий йил 8 июнда Президентимизнинг томонидан қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат ўзини ўзи банд қилган шахсларга ва тадбиркорлар фаолиятини ривожлантириш учун бир қатор қулайликлар ва имкониятлар яратилишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Сайловчилар билан учрашувларда аҳолини қарор аҳамиятини, ўзини-ўзи банд қилган фуқароларга берилаётган имконият ва имтиёзлар билан таништириш керак. Одамларимиз орасида қўлида ҳунари, касбу-кори борлар жуда кўп. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш, иш бошлаши учун кўмалашиш, йўл-йўриқ кўрсатиш керак. Кўпчилик имконият ва имтиёзлардан бехабар бўлиб, қаердан иш топсам экан деган ўй билан юраверади. Демак, ушбу қарор тарғиботини кучайтиришимиз талаб этилади.

Бир сўз билан айтганда, вилоятдаги фаоллар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари давлатимиз раҳбари берган таклиф ва тавсияларини ўрганиб, янги режалар белгиладик.Ташрифдан сўнг яшаётган ҳудудимизни ривожлантириш кўпроқ ўзимизга, бугунги ҳаракатларимизга боғлиқ эканини янада кўпроқ тушундим.

 

Шоҳиста ТОШПЎЛАТОВА,

Халқ депутатлари Учқўрғон туман Кенгаши депутати,

ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси.

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш