ЎзХДП фракцияси аъзолари жарималар ҳақидаги меъёрга қарши чиқди

 

Айни дақиқаларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги видеоконференц алоқа шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Унда дастлаб «Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши курашиш даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш бўйича вақтинчалик Регламентига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳаси кўриб чиқилди.

Унга кўра, Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган мажлислари, агар мажлислар ишида палата депутатлари умумий сонининг камида ярми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. Бундай мажлисларда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Фракция аъзолари қуйи палата юқоридаги тартибда ишлашини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Тадбирда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Мазкур лойиҳага кўра, кодексга янги, 1975-модда киритиляпти. Унга мувофиқ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилувчи органлар давлат инспекторининг текшириш ўтказишига, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳудудлари ва иншоотларини кўздан кечиришига йўл қўймаслик ёхуд давлат инспекторининг қонуний фаолиятига бошқача тарзда тўсқинлик қилиш, шунингдек, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажармаслик, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.

Фракция аъзоси Дилором Имомова жарималар турлари ва уларни қўлловчи ташкилотлар кўпайиши тўғри эмаслиги, бу келажакда жарималар адолатсиз қўлланилиши билан боғлиқ салбий ҳолатлар кўпайишига олиб келиши мумкинлиги, бундан аҳоли вакиллари норози бўлишини таъкидлади. Қонун лойиҳасига кескин қаршилигини билдирди.

Масъул қўмита аъзолари бунга жавобан қонун лойиҳасида жарималар миқдори оширилмагани, амалдаги миқдорлар сақланиб қолаётганини айтди.

Фракция аъзолари қатъий позиция шакллантирилишини ҳисобга олиб, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга киритилишини маъқуллади.

Фракция йиғилиши давом этмоқда.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши 

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш