Далаларда шовуллайди эл ризқи
Далаларда шовуллайди эл ризқи

 

Қуёшидай юзи иссиқ, қалби қайноқ Сурхон деҳқонининг 93 минг гектарлик далаларида ҳам бугун буғдойзорлар нурдай товланиб, сербарака халқимизнинг ризқи шовуллаб турибди. Тажрибада синалган, тезпишар ва серҳосил навлари уруғининг парваришига бағишланган тинимсиз меҳнат ўз самарасини бермоқда. Сурхон деҳқонининг меҳридан, жануб қуёши тафтидан баҳраманд бўлган ғалла ҳосили барвақт етилди. Бугунги кунда вилоятнинг Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Бандихон, Жарқўрғон, Термиз туманлардаги ғаллазорларда жами 284 та “Кейс” ва “Вектор” русумли комбайн ишлаяпти. Ҳар комбайн ёрдамида кунига 12-14 гектар майдоннинг ҳосили йиғиб олинаётир.

Ўримга жалб қилинган комбайнчи ва уларнинг ёрдамчи-операторларига мавсум арафасида бир халтадан ун, юз килограмдан картошка-пиёз, 10 литрдан пахта ёғи ва бир миллион сўмдан нақд пул берилгани ҳам ўрим-йиғим ишларининг жадаллашувида муҳим омил бўлмоқда.

Маълумотларда келтирилишича, қисқа фурсатда қарийб 13 минг гектарда ўрим ниҳоясига етказилиб, 53,5 минг тонна сара дон қабул масканларига топширилган. Воҳада ғаллачилик билан шуғулланаётган 2203 та фермер хўжалигининг 170 га яқини режани уддалади.

Шу кунларда воҳа деҳқонларининг иши жануб қуёшидай қизиган. Улар далани сомондан тозалаш ва бўшаган майдонларни пешма-пеш шудгорлаб, такрорий экинлар экишаяпти. Шунингдек, вилоятда ғалладан бўшайдиган майдонларнинг 20 минг гектардан ортиқроғи қишлоқлардаги кам таъминланган оилалар ва ишсизларга экин экиб олиш учун бўлиб берилиши мўлжалланган.

Хирмонингизга, меҳнатингизга барака, азиз юртдошлар, заҳматкаш бободеҳқонлар! Халқимизнинг улуғ рўзғори баракали, ризқи мўл бўлсин!

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш