Бирор бир фаолият жараёнини амалдагидан яхшироқ ҳолатга ўзгартиришни кимдандир ўрганиш, ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаланиш орқали йўлга қўйиш мумкин. Бугунги кунда энг тажрибали, иқтисодиёти юксак бўлган давлатларнинг ҳам иқтисодий комплексдаги фаолият турларини зарар кўрмасдан юргизиш бўйича боши қотган бир вақтда кимдан ўрганишимиз керак. Албатта, бу саволга жавоб топишнинг ўзи бўлмайди.
“Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугунги кунда коронавирус пандемияси даврида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб этиш, имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида қабул қилинди.
Тадбиркорлик фаолиятида ўзини ўзи банд қилган шахсларга 2020 йил 1 июлдан қўшимча имконият ва шароитлар яратиб берилмоқда. Яъни, мобиль илова орқали буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни амалга ошириш, юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш, мобиль илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан, кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш, кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имконияти яратилади.
Қарорда 2021 йилда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни осонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди ҳамда “Бизнес навигатор” ахборот тизимини жорий қилиш таъкидланди. Бу албатта тадбиркорларимиз учун тегишли ҳудуддаги рақобатбардош турини танлашда, кредит олиш учун зарур бўлган бизнес-режа лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини шакллантиришда, тегишли тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида маълумот олишда, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк объектларини танлашда енгилликлар яратади.
Умуман олганда, келажакда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини юритиш ёки ўзини ўзи банд қилиш борасида солиқ ва кредит тизимида бир қатор янада енгиллик ва қўшимча имкониятлар яратилади.
Шу ўринда айтишимиз мумкинки, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар учун фаолият турига қараб, қанчалик кўп янги иш ўринлари яратса, шунга мос равишда солиқ имтиёзларига эга бўлишлари ҳамда кредит фоиз ставкалари бўйича энг кам миқдорлардан фойдаланиш имкониятларини яратувчи механизмлар ишлаб чиқилиши керак.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси