Инсоният яралибдики, яхши, тўкин яшашга, дунё лаззатларидан кўпроқ баҳраманд бўлишга интилади. Аммо жамиятда ҳар бир инсоннинг моддий таъминоти доимо ҳар хил бўлиб келган. Тарихдаги барча урушлар, қирғинлар кўпроқ бойлик орттириш ниятида юз берган. Бугунги ўта ривожланган асримизда ҳам бой ва камбағал муаммоси ўзининг ўткирлигини сақлаб қолмоқда. Энди нафақат инсонлар, балки давлатлар ҳам бой ва камбағал тоифаларига ажралмоқда.
Бугун давр шиддат билан ўзгармоқда, шу билан бирга, башарият олдида ҳар куни янги муаммолар пайдо бўлмоқда. Мамлакатлар аро урушлар хавфи, экологик ва иқтисодий инқирозлар, аввал учрамаган касалликлар тарқалиши, озиқ-овқат ва ичимлик суви етишмаслиги ва ҳакозо. Бу рўйхатни анча узоқ давом эттириш мумкин. Лекин ҳар бир инсонга ҳар куни зарур бўладиган энг кам миқдордаги таъминот етишмаслиги, бошқача айтганда, камбағаллик жамият хавфсизлиги, барқарорлигини таъминлашдаги энг катта хавфлардандир.
Ҳар бир инсон бу дунёда бахтли-саодатли ҳаёт кечиришга ҳақли. Фаровон ҳаёт, кам-кўстсиз турмуш барчамизнинг орзуимиз. Бу — табиий ҳолат. Аммо инсон оддий минимал таъминотсиз бахт тугул, хотиржамликка ҳам эриша олмайди. Қандай қилиб бўлмасин, ўзим ва оиламни боқсам, нуроний, хаста ота-онамни даволатсам, фарзандим келажаги учун шароит яратсам, деб ўйлайди. Агар мана шу оддий талабларни амалга оширишнинг имкони бўлмаса, бундай инсон кун сайин ўз ҳаётидан норози бўлиб боради, жамиятда бундай кайфиятдаги инсонлар кўпайиши давлат барқарорлигига раҳна солади.
Камбағалликни ўлчаб бўладими?
Камбағалликни баҳолаш бир нечта аниқ белгиланган кўникма ва усулларни талаб қилади.
Камбағаллик, умуман олганда, нисбий тушунчадир. Баъзилар хорижнинг энг нуфузли масканларида дам олмагани учун ўзини камбағал санаса, бошқа бировнинг бошида бошпанаси ва еярга таоми йўқлиги учун камбағал дейилади. Камбағаллик муаммоси дунё олимлари томонидан икки асрдан бери ўрганилиб келмоқда. Тан олинган қарашларга кўра, камбағаллик уч даража билан белгиланади: мутлоқ кабағаллик, нисбий камбағаллик ва субъектив камбағаллик.
Мутлақ камбағалликда кун кечирувчи одамлар биологик тирик қолишни таъминлайдиган минимал эҳтиёжларнигина қондиришлари мумкин.
Ўта камбағаллик чегараси маҳсулотларни харид қилиш имконияти бўйича кунига 1 доллар миқдорида белгиланади, камбағаллик чегараси эса кунига 1,9 доллар миқдорида белгиланади.
Евроиттифоқда нисбий камбағал, деб мамлакатдаги ўртача маошнинг 60 фоизидан кам даромад оладиган инсонларга айтилади.
Камбағалликни субъектив баҳолаш инсонлар ўзларининг моддий таъминотларига ўзлари баҳо беришларидир.
Мухтасар қилиб айтганда, камбағаллик муайян мақбул турмуш даражасини таъмин эта олмаслик, маълум бир шахс ёки оила зарурий эҳтиёжларининг имкониятлардан ошиб кетишидир.
Ўзбекистон аҳоли жон бошига тўғри келадиган миллий даромад кўрсаткичи бўйича ўртача даромадга эга мамлакатлар қаторидан жой олган (киши бошига йилига ўртача 1533 АҚШ доллари). Киши бошига кунига 3,2 доллар камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичидир. Миллий даромади ўртачадан баландроқ мамлакатлар учун кунига киши бошига 5,5 доллар камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичидир.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 736 миллион киши (аҳолининг 10 фоизи) ўта қашшоқлик шароитида (кунига 1,9 доллардан кам киримга эга), дунё аҳолисининг деярли ярми – 3,4 млрд киши – кунига 5,5 доллардан кам тушумга эга. Қашшоқлик даражаси энг юқори қитъа Африка, сайёрадаги энг қашшоқ мамлакатлар – Конго демократик республикаси (ўта қашшоқлик даражаси – 77,1 фоиз) ва Мадагаскар (77,6 фоиз).
Хўп, камбағалликни фан сифатида ўрганиш, унинг сабабларини аниқлаш учун дунё олимлари узоқ йиллардан бери бош қотирмоқда эканлар, бу иллатдан қутилиш учун нима қилмоқ керак? Менимча, умумий қоида сифатида қуйида келтирилган таклифни қабул қилиш тўғри бўлади.
Аҳоли реал даромадлари ва харид қобилиятини ошириш, бунинг учун ижтимоий меҳнат тақсимотини тўғри йўлга қўйиш, шу орқали жон бошига тўғри келадиган товар ва хизматлар ишлаб чиқариш ҳажмини, яъни меҳнат унумдорлигини кескин ошириш даркор.
Бу мақсадни амалга ошириш усуллари ҳақида кейинги мақолада фикр юритамиз.
Мақсуда Ворисова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси