Ҳалол меҳнатнинг меваси ширин бўлади
Ҳалол меҳнатнинг меваси ширин бўлади

 

Фарғона азал-азалдан бобо деҳқонлар, ҳунармандлар диёри. Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва Президент ташрифи давомида тақдим этилган лойиҳалар менда катта таассурот қолдирди.

Сабаби ҳозирги пандемия шароитида қисқа фурсат ичида фарғоналик юртдошларимизнинг амалга оширган ишлари таҳсинга лойиқ. Қишлоқ хўжалиги, саноат, тадбиркорлик ва экспорт масалаларининг барчасида рекорд натижага эришиш мумкинлигини исботлаган юртдошларимиздан фахрланаман.

Олтиариқ замини вилоятимиз хазиналаридан бири. Бу ерда кейинги йилларда узумчилик яхши ривожланди. Туманда 2833 гектар майдонда токзорлар мавжуд бўлиб, тақдим этилган янги лойиҳаларга кўра, узумчиликни ихтисослаштириш орқали аҳоли даромадларини ошириш, бу эса ўз навбатида экспорт салоҳиятини йилига 65-70 миллион долларга ортишини таъминлайди ҳамда 660 та янги иш ўринлари яратилади.

Маълумки, Ўрмончилик хўжалиги таркибида ташкил этилган “Меҳригиё” корхонасининг шифобаҳш ўсимликларидан тайёрланган маҳсулотлар ҳамда доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш кластерини ташкил этиш лойиҳаси хам Президентимиз томонидан маъқулланди ва ушбу соҳани ривожлантириш учун катта, замонавий илмий марказ ташкил этиш топшириғи берилди.

Марғилон азалдан ҳунармандлар шаҳри. Яқинда бу ерда моҳир уста Иброҳимжон Султонов ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик асосида Ҳунармандлар маркази қурилиб, фойдаланишга топширилди. 600 нафар уста фаолият бошлаб, 200 ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, маиший хизмат, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Улар томонидан 2 мингга яқин хотин-қиз, ёшлар ишга жалб этилди. “Исмоилжон гиламлари” корхонаси маҳсулотлари бутун дунёга машҳур. Ҳунармандлар марказида ҳам маҳсулотларнинг сифати юқори. Асл ипакка табиий бўёқлардан гул чизиб мато тўқилади. Шу боис бу маҳсулотларга ҳозирдан харидор тайёр. Гиламлар асосан Туркияга, атлас, адрас матолар АҚШ, Италия, Франция, Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатларга экспорт қилинади. Ҳозир чеварларга 3,5 миллион сўмгача маош берилади. Марказ 600 ишчига мўлжалланган, хотин-қизларнинг қолгани касаначилик асосида уйда ўтириб меҳнат қилади.

Марғилон Фарғона водийсининг туристик манзилларидан бири. Ҳунармандлар маркази ушбу шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Осори атиқалар билан танишган сайёҳлар бу ерга келиб атлас, адрас тўқиш жараёнини бевосита кузатиш имконига эга бўлади, ҳам ўзи хоҳлаган маҳсулотни харид қилади, шу ердаги чевархонада ўз дидига мос либос тиктириши ҳам мумкин.

Умуман, Фарғона вилоятида янги иш ўринлари ташкил этиш, оилалар фаровонлигини таъминлашга йўналтириладиган лойиҳалар жуда кўп, фақат уларни амалга ошириш учун вақт ва меҳнат талаб этилади. Фарғоналиклар доимо ҳалол меҳнатнинг меваси тотли ва баракали бўлишини яхши билади, буни амалда исботлай олади.

 

Дилбар Мамаджанова

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш