ДЕПУТАТ ЙИГИРМА ЙИЛЛИК МУАММОНИ ҲАЛ ҚИЛДИ
ДЕПУТАТ ЙИГИРМА ЙИЛЛИК МУАММОНИ ҲАЛ ҚИЛДИ

 

Мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар, янгича юксалишлар халқимиз онг-тафаккуридаги мавҳумлик кўланкаларини ўз нури зиёси билан аритмоқда. Айниқса, энг чекка ҳудудларда ҳам марказлардагидек кенг шароитли инфратузилма яратилаётгани, қурилиш, ободончилик ишларининг авж олдирилаётгани аҳоли кенг қатламлари кайфиятига кўтаринкилик бағишламоқда.

Чортоқ туманидаги яқин тўрт минг киши истиқомат қиладиган Навбаҳор маҳалласида 800дан зиёд хонадон мавжуд. Маҳалла аҳли туман марказига олиб борувчи асосий йўлнинг қарийб тўрт ярим километридаги нотекисликдан азият чекарди.

2019 йил декабрида бўлиб ўтган парламент қуйи палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар жараёнида маҳалла аҳли депутатликка номзодлар олдига асосан бир хил мазмундаги талаблар билан савол қўйишганди.

Ўшанда 53-Чортоқ сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Шоҳиста Турғунова бошқа номзодлардан фарқли мулоҳазакорлик билан маҳаллага водопровод қувури тортиш ва хонадонларни тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда асосий йўлнинг тўрт ярим километрлик қисмидаги ўйдим-чуқурликларни текислаб, асфальт ётқизиш масаласини ҳал этишга дадил ваъда берганди.

Рамазон ҳайити арафасида депутат Шоҳиста Турғунова маҳаллада бўлиб, МФЙ раиси Салима Йўлдошева ва бир қатор фаоллар билан учрашди. Айрим хонадонларга ҳайит йўқлови уюштирди.

Депутатнинг бу ташрифи маҳаллада овоза бўлди. Хонадонига тоза ичимлик суви кириб борган, асосий қатнов йўли асфальтланганидан кўнгли тоғдек кўтарилган сайловчилар вакиллари депутатга миннатдорликларини изҳор қилишди.

– Ободлик – озодлик жаранги эканлигига маҳалламиз аҳолиси яна бир бор иқрор бўлишди, - дейди МФЙ раиси Салима Йўлдошева. – Йигирма йилдан буён фуқароларимизни ўйлантириб келаётган йўл ва сув муаммосининг туман дастурига киритиш йўли билан маҳаллий ҳокимиятлар ва тумандаги 4-сектор раҳбари, туман йўллардан фойдаланиш корхонаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан бамаслаҳат депутат аралашуви билан ҳал этилгани, айниқса, карантин шароитида тотли қувонч бўлди. Биз яна бир жиҳатни ҳисобга олишимиз керак, яъни депутатимиз ЎзХДП вакили. Демак номзод жуда тўғри тавсия этилган эканки, сайловчи сифатида биз ҳам алданиб қолмадик.

Депутат билан мулоқотда сўзга чиққан маҳалла фуқароси Мастура Маматбекова ўзининг маҳалла ҳудудидаги 45-умумтаълим мактабида ўқитувчи эканини, депутат Шоҳиста Турғунованинг саъй-ҳаракатларидан педагогик жамоа ҳам ғоят миннатдор бўлишаётганини таъкидлади.

– Маҳалламизда бажарилаётган ободончилик ишларини кўриб, – дейди тадбиркор Маҳмуджон Ҳайдаров, – кўпчилик қатори мен ҳам депутатимиздан ва мутасадди ташкилотлардан, туман ҳокимлигидан ғоят хурсанд бўлдим ва ўз миннатдорлигимни амалий иш билан изҳор қилиш учун маҳалла гузарини қуришга астойдил бел боғладим. Гузарда МФЙ учун алоҳида бино қуриб беришни ҳам мақсад қилганман. Ахир, бир разм солинг, ҳозиргача тўзиб ётадиган йўл четлари гул ва манзарали дарахтлардан кўрк олди. Кўча ва ҳовлилар озодалиги, томорқалар қарови аҳоли томонидан ўзгача иштиёқ билан бажарилмоқда. Бу кайфият - одамларнинг ўз турмушидан розилигидандир!

 


Носиржон ДЕҲҚОНОВ

www.namhaqiqat.uz

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш