Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, бола бу – дунё, бола бу – ҳаёт мазмунининг ажралмас қисми. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли.
Байрам муносабати билан Наманган шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Абдувоҳид Азимов ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда вилоятдаги 26-сонли Меҳрибонлик уйига йўқлов уюштирди. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига яратилган шароит билан танишиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва болаларга турли совғалар берди.
Ўзбекистон ХДП Уйчи туман Кенгаши томонидан "Болаларга беринг дунёни" лойиҳаси доирасида тумандаги ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларига ёрдам ташкил этилди. Беруний МФЙ “Истиқлол” кўчаси 24 уйда яшовчи (болаликдан ногирон, 2010 йилда туғилган) Абдураҳманова Марҳабо ва Тинчлик кўчасида яшовчи (болаликдан ногирон 2011 йилда туғилган) Ғофуржанова Моҳигулга китоблар ва эсдалик совғалари улашилди.
Учқўрғон туманидан сайланган вилоят Кенгаши депутати Гулхумор Тоғаева “Дўстлик” кўчасида яшовчи ногиронлиги бор 11 синф ўқувчиси Каримова Диёрахонга китоблар, салқин ичимликлар ҳамда оиласига ёрдам маблағини топширди.
Маъмура Бойтўраева,
ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши ходими.