Вазиятга қараб чекловлар юмшатиб борилгани билан карантин талаблари ўзгаргани йўқ

 

Барчани бирдек хавотирга солган ва дунёни қамраб олган коронавирус ижтимоий барқарорликка ўз таъсирини кўрсатмоқда. Мамлакатимизда пандемияга қарши кураш чоралари кўрилиши натижасида касалликдан тузалаётганлар сони ортиб бориши билан карантин чоралари юмшатилди. Эпидемиологик вазиятнинг яхшилана бораётгани барчанинг кўнглига таскинлик бера бошлаган шу кунларда, баъзи фуқаролар ўртасида бепарволик, карантин талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса сўнгги ҳафтада касалликка чалинганлар сонини ошишига сабаб бўлди.

– Барчамизга маълумки, мамлакатимизда хавфли касаллик билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгармоқда, – дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Хабибулла Акилов. – Мазкур жараёнда карантин талаблари босқичма-босқич юмшатиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад иқтисодий фаолликни тиклаш ҳамда аҳолининг ишлаши ва даромад олишини таъминлашга қаратилган. 8 майдан бошлаб эса “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифага кирувчи ҳудудларга ажратилган ҳолда карантин чекловлари белгиланмоқда. Афсуски карантин чораларини юмшатилиши фуқароларимизда карантин талабларини бажариш шарт эмас, деган тушунчани бериб қўймоқда. Шунинг учун бепарволикка берилмасдан карантин қоидаларига тўрилқ риоя қилиниши зарурлигини эслатиб ўтмоқчимиз.

– Берилган эркинликни нотўғри тушуниб, ёшларнинг кўчаларда бемақсад юришлари, карантин чекловлари талабларини бажармаслиги ҳолатларига гувоҳи бўлмоқдамиз, – дейди 44-оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Муқаддасхон Рахматуллаева. – Бугунги вазиятда бепарволик ва лоқайдликни кечириб бўлмайди. Карантин тартибларига амал қилиш эса нафақат ўзимизга, балки яқинларимизга ҳам зиён етказишни олдини олади. Шифокор сифатида шуни айтмоқчиманки, коронавирус бу оддиЙ касаллик эмас. Шуни тушуниб етиш керакки, касаллик дунё бўйлаб кўплаб инсонларнинг ўлими билан якунланмоқда, коронавирусдан касалланганлар ва инфекциядан жабр кўрганлар сони кун сайин ошиб бормоқда. Шу боисдан барча бирдек ҳушёр бўлиши, карантин талабларига сўзсиз риоя қилиши зарур.

Ҳеч кимнинг ҳаёти кафолатланмаган. Шунинг учун ҳушёрликни йўқотмаслигимиз, лоқайд бўлмаслигимиз шарт. Вазиятга қараб чекловлар юмшатиб борилгани билан карантин талаблари ўзгаргани йўқ.

Ўзингиз ва яқинларингизни асранг!

 

Аброр Қурбонов,

Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш