Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Сафар Остонов партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши мутасаддилари билан биргаликда пойтахтнинг Учтепа, Чилонзор ва Яккасарой туманидаги ногиронлиги бор юртдошларимиз ҳолидан хабар олди.
Учтепа тумани Найман маҳалласи 12-уй 37-хонадонда яшовчи Мамлакат ая Абзалова I-гуруҳ ногирони. Мамалакат ая билан суҳбат чоғида ногиронлик аравачаси йўқлиги сабабли кўча-кўйга чиқолмаслигини айтиб мурожаат қилган эди. Шу боисдан депутат онахонга ногиронлик аравачаси келтириб берди.
– Ҳеч кимни аравачага муҳтож қилмасин экан, – дейди Мамлакат ая. – Лекин ўзинг юришни уддасидан чиқмаганингдан кейин, иложсиз шу аравачага ҳам зарурат сезаркансиз-да. Тўрт девор орасида ўзингни ёлғиз сезар экансан. Шу сабабдан қолганлар қатори кўча-кўйга чиқиб, қўшнилар билан суҳбатлашиб ўтиришни хоҳлаб қоларкансан. Халқ демократик партияси вакиллари уйга келиб, ҳол сўраганида шу ҳақда гапиргандим, ўша куннинг ўзида аравача келтириб беришди.
Яна бир юртдошимиз, Учтепа тумани Ватанпарвар маҳалласи 38-уй, 54-хонадонда яшовчи 26 ёшли Камалов Шахзод Тоҳир ўғли болаликдан 2-гуруҳ ногирони. Депутат томонидан саховатпеша инсонлар кўмагида Шахзодга махсус аравача совға қилинди. Онаизор кўрсатилган ёрдамдан қувониб, саховатпеша инсонларни дуо қилди.
Депутатнинг навбатдаги манзили Чилонзор тумани 10-мавзе 9-уй 3-хонадон бўлди. Бу хонадонда яшовчи 87 ёшли Моҳира ая Юсупова II-гуруҳ ногирони. Моҳира ая мутасаддилар томонидан совға қилинган ногиронлик аравачасини кўриб беҳад қувонди.
– Ногиронлик аравачаси олишга қурбимиз етмайди, – дея сўзини бошлади Моҳира ая. – Сўнгги 2 йил ичида ўнга яқин ташкилотлар хонадонимизга келиб, муаммомизни ўрганиб кетишган. Бироқ натижа бўлмагани учун умидимни узиб қўйгандим. Фарзандларим кўмагида бир амаллаб, хулосани олишга олдим-ку, навбатим келиши учун яна бир неча ой кутишим кераклигини билганимдан сўнг, хафсалам пир бўлди. Аммо депутат ёрдами билан қисқа вақт ичида аравачали бўлдим. Яхшиликлар, яхши инсонлар кўпаяверсин.
Моҳира аянинг дуосини олган депутат ва партия вакиллари Яккасарой тумани Яккасарой маҳалласи Хуштепа кўчаси 19-уйга йўл олишди. Хонадон бекаси 84 ёшли Муҳайё ая I-гуруҳ ногирони. Аянинг кўзларида короид касаллиги бўлиши билан биргаликда ҳаракатланиш имконияти ҳам чекланган. Партия вакиллари томонидан Моҳира аяга ногиронлик аравачаси олиб берилди.
Фуқаролар муаммоларини ўрганиш, халқ билан мулоқот қилиш жараёнида турфа одамлар, турфа тақдирларга гувоҳ бўласан. Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр, деб бекорга айтишмаган. Қилаётган амалларимиз оз бўлсада ўксиқ қалбларга қувонч бахш этар экан, бундан кўнглимиз таскин топади. Ахир ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам халқни рози қилишдан иборатдир.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси юртдошларимиз кўнгилларини шод этишда давом этади.
Аброр Қурбонов,
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари.