Рамазон ойи ҳам поёнига етиб қолди. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга биноан Рамазон ҳайити юртимизда жорий йил 24 май куни нишонланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Баёноти ҳам эълон қилинди. Унга кўра, масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилгани инобатга олиниб, Рамазон ҳайити намозини ўқиш мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлгани қайд этилган.
Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади. Биласиз, динимизда ҳам бир нарса далил-ҳужжатга асосланади. Демак, биз бу йил коронавирус инфекцияси туфайли жорий этилган карантин сабабли уйларимизда ҳайит намози ўрнига нафл намоз ўқиймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити муносабати билан самимий муборакбод этамиз. Барчамиз уйда, оила даврасида қолиб, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда байрамни нишонлаймиз. Зеро, динимизда зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади.
Партиямизнинг даъвати, чақириғи шундай:
Юртимиз тинчлиги, халқимиз хотиржамлигига ҳисса қўшайлик!
Рамазон ҳайитини уйда, оиламиз даврасида, энг яқин инсонларимиз билан бирга ўтказайлик!
Эзгу амаллар ва яхшиликларга қалбан хайрихоҳ бўлайлик!
Ҳаммамиз бир-биримизни асрайлик! Улуғ кунларда уйимизда қолайлик!
Акбарали Абдураҳимов,
Халқ демократик партияси Поп туман кенгаши раиси